— Яқинда АҚШга ташриф буюрдингиз. Cафар таассуротлари билан ўртоқлашсангиз.

— Суҳбат бошида шуни қайд этиб ўтмоқчиманки, бугун дипломатия жамоатчилик фикрисиз ва ижтимоий фикрсиз илгари сурилмайди. Ижтимоий фикр эса нафақат ахборот бериш усули, балки миллий манфаатларни илгари суриш воситаси сифатида кўрилмоқда. Шунинг учун ОАВ вакиллари билан учрашиш биз учун катта масъулият ва имконият. Шунингдек, халқаро муносабатларда халқ вакиллари, парламентнинг роли ҳам тобора ортиб бормоқда.

Бевосита саволга қайтсак, АҚШга ташриф Конгресснинг иккала палатаси билан Олий Мажлис палаталарининг мулоқотини чуқурлаштиришга қаратилган эди. Бугун ҳаммамиз АҚШнинг дунёдаги аҳамиятини ортиқча гап-сўзсиз тушунамиз. 2018 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга сафари давомида Ўзбекистон–АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги эраси ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйилган эди.

Бу бизга янги йўлларни очиб берди. Буларнинг ичида энг муҳими парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш ҳақида. Нима учун, чунки АҚШ сиёсий тизимида ҳеч бир масала, жумладан ташқи сиёсат масалалари конгрессменлар ва сенаторларсиз ҳал қилинмайди. Улар билан муносабат бизга бошқа соҳалардаги алоқаларимизни ривожлантиришга имкон беради.

Яна бир нарса, 2018 йилги сафарда Шавкат Мирзиёев конгрессменлар билан учрашувда Ўзбекистон билан ҳамкорлик гуруҳини тузиш бўйича ташаббус билдирган эди. Яъни Конгрессда Ўзбекистон бўйича кокус тузилди. Бу бизнинг катта ғалабамиз бўлди. Сиз сўраган ташрифда шу кокуснинг иккинчи ялпи мажлисида қатнашдик.

Бугунги кунда кокуснинг 17 та аъзоси бор, йил охиригача улар 30 тагача етиши мумкин. Ташрифда парламентдан ташқари, АҚШ маъмурияти, ақл марказлари ва университетлар билан ҳам самарали учрашувлар ўтказдик.

— Кокуслар нима мақсадда тузилади ўзи, бу пиар эмасми?