Ўзбекистонда ёқилғи маҳсулотлари – бензин ва дизел сезиларли қимматлашди. Шохобчаларда АИ-80 маркали ёқилғи нархи 8600 сўмгача етган. Шу билан бирга, бензин тақчиллиги муаммоси пайдо бўлди – ҳатто пойтахтда ҳам.

Тошкентдаги йирик АЁҚШ тармоқлари ва 30дан ортиқ якка шохобчалардаги нархларни мониторинг қилиб борадиган Golden Pages маълумотига кўра, июл ойига келиб шаҳардаги 10дан ортиқ шохобчада бензин етишмовчилиги кузатилган.

“Ўзбекнефтгаз” ўз шохобчаларида нархларни ўзгартирмаганини айтмоқда. Компания сўнгги бор май ойи охирида АИ-80 нархини 6500 сўмдан 6800 сўмга оширган – йил бошидан бери ўсиш 4,5 фоиз. Тошкентдаги бошқа шохобчаларда эса йил бошидан буён АИ-80 қимматлашиши 5,5 фоизгачани ташкил этди (6 июл ҳолатига – Golden Pages нархлар бўйича сўнгги мониторингни шу куни ўтказган).

Бензин импорти қисқарган

8 июл куни “Ўзбекнефтгаз” хусусий шохобчаларда нархлар ошаётганини юқори октанли бензин импорти қисқаргани билан изоҳлади.

Унга кўра, импорт камайиб, юқори октанли бензиннинг қимматлашиши маҳаллий АИ-80 нархига босимни юзага келтиряпти. Оддийроқ айтганда, катта миқдорда импорт қилинадиган АИ-91 ва ундан юқори маркали бензин қимматлашгач, ҳайдовчиларнинг бир қисми АИ-80 қуйишга ўтмоқда, бу сегментда талабнинг ошиши эса нарх кўтарилишига олиб келяпти.

Изоҳда қўшимча қилинишича, июл ойининг дастлабки 7 кунида республикада АИ-80 маркали бензинга талаб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробарга кўпроқ бўлган.

Kun.uz бензин импорти бўйича маълумот сўраб, Статистика қўмитаси матбуот хизматига мурожаат қилди, бироқ уч кун давомида жавоб олмади.

Ишлаб чиқариш ҳажмида жиддий ўзгариш йўқ

Статистика қўмитаси маълумотига кўра, йилнинг биринчи ярмида автомобил бензини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга ошган (562,7 минг тоннага етган). 2021 ва 2022 йилларнинг май-июн ойлари статистикасини алоҳида таққослаганда ҳам айтарли фарқ кўринмайди.