Ижтимоий тармоқларда Учкўприкдаги фермерларни прокуратура ҳамда ҳокимият биносига қамаб, уларга “кўнгилли-мажбурий” тарзда “еримни ўз хоҳишим билан топшираман” мазмунида ариза ёздирилаётгани ҳақида гаплар тарқалди. Учкўприкда тузилган қ/х кооперативлари етиштирган пахта қароқчилик қилиб олиб кетилгани ҳақида ёзгандик, ва табиийки бу хабарларга бефарқ бўлолмадик – у ерда фермерлар билан алоқага киришдик. Шуни таъкидлаш керакки, кўплаб фермерлар маъмурий идораларнинг турли босимлари кучайишидан чўчиб, ҳолатни бизга тасвирлаб берган бўлсалар-да, исмларини ошкор қилишни исташмади.
“Омад Рахмон Мастона” фермер хўжалиги раҳбари Дилсора Умрзоқова:
— Беш кундан бери прокуратура чақиряпти, кеча борганимда мени асосий (фермерлар чақириб тўпланган) залга киритишмади, ҳамма ташкилотларнинг раҳбарлари бор эди (тўртта сектор). Чақиришдан мақсад – “пахта плани”ни бажармаган фермерларни чақиришибди.
Мен аслида кластер билан 120 тонна пахта топширишга шартнома тузганман, 123 тонна пахта топшириб шартномани бажардим, ҳозир булар 54 гектар пахта эккансан ва 161 тонна пахта сотишинг керак дейишяпти...
Ерларим чўл ҳудудида жойлашган, ва у айтилаётган ҳосилни бермайди. Мендан эса шартномамда кўрсатилган пахта тоннасидан ортиқча пахта сотишимни талаб қилишяпти. Бу ишлар билан бизларнинг – фермерларнинг президентимизга бўлган ишончини сўндиришяпти-ку! Кимга ишонишни билмаяпмиз-ку.
Фермерлар кимга ишонишни билмаяпти.
Айниқса ҳозир, дон экиш пайтида прокурор эрталабдан чақириб вақтимизни олиб, ўз ҳукмини ўтказяпти. “Ариза ёзасан, бўлмаса мол-мулкингни мусодара қиламиз”, “Мажбурсан, пахта сотасан” деб босим ўтказиб вақтимизни оляпти, оқибатда дон экиш ҳам кечикяпти. Ҳозир айни буғдой экиладиган пайт-ку, кейинги ҳафта ёмғир ёғади дейишяпти. Ёмғир ёғса дон экиш ишларимиз яна ҳам кечикиб кетади-ку, шу билан келаси ҳосил хам барбод бўлади.
Ҳурматли президентимиз айтган-ку, “центнер қўйилмайди, кластер ва фермер ўзаро келишиб ишлайди” деб. Бу раҳбарлар – ҳоким, прокурор, ички ишлар ва умуман тўртта сектор раҳбарлари фермернинг ишига аралашишга қонунан ҳаққи йўқ-ку.
Вилоятдан келган прокуратура ходимлари “биз айтган тоннани бажармасанг ерингни оламиз” дейишди. Мен яна 40 тонна пахта беришим керак экан. Ҳар куни бизни чақиришади, бугун ҳам чақиришди, бугун ҳам бориб келдик. “Пахта терасан ё бўлмаса пулингга сотиб олиб топширасан”, деяпти. Мен аёл бошим билан қаердан оламан пахтани, унинг устига центнерни ошириб қўйган бўлса.

















