Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz мухбирининг Тошкентдаги тирбандликлар ва шаҳарга трамвайни қайтариш ҳақидаги саволларига жавоб берди.

“Бугунги кундаги тирбандликларга аҳамият берсак, Тошкент шаҳрининг ўзида тирбандликлар 9-10 баллгача чиқиб кетмоқда. Лекин Навоий, Фарғона йўли кўчаларининг реконструкциясидан келиб чиқсак, Себзор чорраҳаларини инобатга олсак, у ерда тирбандлик бўлгани билан, автомобиллар бир жойда туриб қолгани йўқ. Улар тўхтовсиз юриш режимида.

Мана шу кўчалар реконструкцияси Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқаётган лойиҳа офиси ҳамда хорижий мутахассислар билан биргаликда лойиҳалаштирилган эди.

Эндиги мақсадимиз – шаҳар ҳокими билан бирга Тошкент шаҳрининг барча чорраҳа ва кўчаларини айнан шу лойиҳа асосида ташкил қилишдир”, – деди вазир.

Хўш, бу режалар орасида Тошкентга трамвайни қайтариш ҳам кўзда тутилмоқдами?

“Президентимизга Тошкент шаҳри бош режасининг дастлабки кўриниши тақдим этилди. Айни вақт унинг устида ишлаш, сўнгги босқич ва тасдиқлаш жараёнларигача олиб бориш кетмоқда.

Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти қошида лойиҳа офиси ташкил топган эди. Пойтахтнинг бош режаси мана шу офис билан бирга мукаммал равишда ишлаб чиқилган. Тошкентда трамвай бўлмайди деган қарор ҳали қабул қилинган эмас. 2030-2040 йилгача метрополитенни ривожлантириш, трамвай йўналишларимиз қаерда бўлиши – умуман бу каби масалалар халқаро консултантлар, лойиҳа офиси билан бирга мазкур бош режа охирига етказилиб, тасдиқлангунгача бўлган вақтгача биргаликда ишланади.

Битта нарсани айтишим лозим, бош режа, трамвай қўйиш, метрополитенни ривожлантириш масалалари алоҳида кетаётгани йўқ. Буларнинг барчаси уйғун ҳолда битта жамоа билан бирга ишлаб чиқилмоқда”, – деди Илҳом Маҳкамов Туркий давлатлар ташкилоти транспорт вазирлари мажлиси доирасида Kun.uz мухбирига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентга трамвайни қайтариш нияти борлиги ҳақида шу йил феврал ойида президент Шавкат Мирзиёев айтган эди.

Июл ойида Тбилиси шаҳри мэрининг Тошкентга ташрифи вақтида грузин шоири Шота Руставели номига атаб қўйилган кўчада трамвай ҳаракатини тиклаш режаси борлиги айтилганди