Украинада урушнинг 351-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • Володимир Зеленский Европа парламентида чиқиш қилди ва Евроиттифоқни Украинага ҳарбий ёрдамни оширишга чақирди. Учрашувдан кейин президент қирувчилар етказиб бериш масаласида «маълум ижобий ечимлар» борлигини айтиб ўтди.
  • Россия армиясининг Украинага босқин бошидан буён ҳалок бўлган генераллари сони 20 нафардан ошган. Япония разведкаси АҚШ ва Европа мамлакатлари билан ҳамкорликда олинган маълумотларга асосланган ҳолда шундай рақамларни келтирган.
  • Россия ҳарбийлари амалда Луҳанск областида кенг кўламли юришни бошлади. Бу ҳақда регион ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, РФ армиясининг асосий эътибори Креминна йўналишига қаратилган, аммо Россия бу ерда муваффақиятга эриша олмаяпти.

Кун кадри. Донбассдаги украин артиллериячилари 

Донецк областида кун ботиши чоғида Украинанинг ўзиюрар гаубицаси. Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко сўнгги кунларда бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳарбий ҳаракатлар эскалацияси кузатилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, региондаги шаҳар ва қишлоқлар янада интенсивлик билан ўққа тутилмоқда. Шу билан бирга Кириленко Россиянинг юришлари ҳозирча муваффақият келтирмаётгани ва Украина армияси РФ қўшинлари ҳужумларини қайтараётганини қайд этган.
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA

Қамалдаги Бахмут ҳаёти

Россия қўшини Донецк областидаги Бахмут шаҳрини 2022 йил июлидан буён қамал қилмоқда, аммо шаҳарни ололмаяпти. Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари уни стратегик аҳамияти туфайли эмас (президентнинг қайд этишича, шаҳар ярим йиллик қамал чоғида «буткул вайрон бўлган»), балки Россия Бахмутни эгаллагач, «янада узоқроққа боришни хоҳлаб қолиши»га йўл қўймаслик учун мудофаа қилмоқда.