2021 йилда эксперимент тариқасида бошланган “Ташаббусли бюджет” 2 йил ичида йирик лойиҳага айланди. Лойиҳа парламент қилмаган ишни қилди – фуқаролар ўз солиқларини ўзлари хоҳлагандек ишлатишда бевосита иштирок эта бошлашди.

2021 йилда Молия вазирлиги янги талқиндаги “Очиқ бюджет” платформасини ишга туширди. Унда “Ташаббусли бюджет” бўлими яратилиб, фуқароларга ўз яшаш ҳудудидаги муаммолар борасида таклиф қолдириш имкони яратилди.

2021 йилдаги “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумида аҳолидан 1 100 та, иккинчи мавсумда 41 125 та таклиф тушди. Қолдирилган таклифларда шахсий манфаатлар устуворлик қилмаслиги ва лойиҳа қиймати 1 млрд сўмдан ошиб кетмаслиги асосий мезонлар деб белгиланди.

Амалда ҳам одамлар шахсий манфаатлар учун эмас, ички йўлларни таъмирлаш, мактаблар таъмири, ичимлик суви каби жамият манфаати учун муҳим таклифларни қолдирди.

Фото: Молия вазирлиги.

2022 йилда эса “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўзбекистонликларнинг эътибор марказидаги муҳим жараёнлардан бирига айланди. Одамлар тезроқ “Ташаббусли бюджет” бошланиб таклиф қолдиришни кутди, ўз таклифларига кўпроқ овоз йиғиш учун уйма-уй юришди. Ҳар бир овоз учун мукофот таклиф қила бошлашди. Чунки бу овозлар амалий аҳамиятга эга эди: энг кўп овоз олган таклифларни рўёбга чиқариш учун маблағ ажратилади.

2022 йилги биринчи мавсумда 69 700 та, иккинчи мавсумда эса 61 000 та таклиф тушди. Лойиҳа оммалашиб, таклиф бермаган маҳалла қолмади ҳисоб: ташаббусли бюджетдаги ташаббуслар Ўзбекистондаги маҳаллаларнинг 98 фоизини қамраб олди.

2022 йилда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларида ғолиб бўлган ташаббуслар соҳалар кесимида. Инфографика: Молия вазирлиги