2020 йилнинг декабр ойида “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан ерусти ҳалқа метро линиясининг 2-босқичи қурилиш ишлари бошланган эди. Айни пайтда ушбу участка ҳудудларида қурилиш ишлари олиб бориляпти.
Транспорт вазирлиги Кun.uz’га янги метро бекатлари ҳақида маълумотларни тақдим этди.
Режага мувофиқ, ушбу лойиҳа ишга туширилиши натижасида метрополитенда кунлик йўловчи ташиш ҳажми 40 минг йўловчига ошиши кутиляпти.
Бундан ташқари, кунига Қўйлиқ – Сергели йўналишида ҳаракатланаётган енгил автомобиллар 32 мингтага, кунлик ҳаракат масофаси 480 минг кмга ҳамда ёқилғи сарфи 38,5 минг литрга камаяди.
Атроф-муҳитга автомобил транспортидан ажраладиган зарарли газлар кунлик 3,7 тоннага қисқариши мумкин.
Бир йўловчининг ушбу йўналиш бўйича манзилига етиб олиш вақти 30 дақиқага (50 дан 20 дақиқага) тежалади.
Ерусти ҳалқа метрополитен линиясининг 2-босқичи ишга туширилганда 245 та янги иш ўринлари яратилиши кутиляпти.
Ушбу босқич қуриб битказилиши билан Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70,5 километрдан зиёд бўлади. Бекатлар сони 50 тага етади.
Қўйлиқдан Сергелигача метро – нималар кутиляпти?
Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ва Сергели йўналишини боғловчи Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитенда 7 та бекат бўлади. Унинг узунлиги 12 километр. Айни кунларда унинг Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилди.
Транспорт вазирлигининг айтишича, янги бекатлар битгач, Сергели ва Янгиҳаёт тумани ҳудудидаги 10 та маҳалланинг 48 минг нафар аҳоли ва юқори йўловчи оқимига эга 9 объект янги метро йўналиши билан қамраб олинади.
Ҳозирда Роҳат ва Қўйлиқ йўналиши бўйича вилоятдан кириб келаётган йўловчилар Сергелигача 55 дақиқада етиб боради. Янги линиялар орқали Сергелига Роҳат айланмасидан 20 дақиқа, Қўйлиқ бозоридан 15 дақиқада бориш мумкин бўлади.
Сергели ва Янгиҳаёт туманлари шарқий қисми аҳолисининг шаҳар марказига етиб бориш вақти 50 дақиқадан 25 дақиқага қисқаради.
Метрополитенга 5 та етказиб берувчи автобус йўналишлари ташкил этилади.














