Ўзбекистон | 16:33 / 24.02.2023
19548
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ер қимирлаши тўғрисидаги хабарлар ёлғон – вилоят ҳокимлиги

Расмийлар аҳолидан ваҳимага берилмаслик, тасдиқланмаган манбаларда тарқалаётган хабарларга ишонмасликни сўраган.

Фото: KUN.UZ

24 февраль куни Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиз шаҳри ҳамда бир қатор туман ва шаҳарларда даҳшатли зилзила содир бўлиши кутилаётгани, шу сабабли аҳолига уй-жойларига кирмай туриш тавсия этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга тўғри келиши ҳақида таҳририятимизга ҳам қўнғироқлар бўлди. Бироқ мухбирларимиз билан суҳбатлашган аксарият сурхондарёликлар бу хабар энг аввал кимдан тарқалганини билмаслиги, фақатгина бировлардан эшитишганини таъкидлашди.

Айримлар бу ҳақда ФВВдан огоҳлантирувчи смс келганини айтган бўлса, бошқа бировлар бу ҳақда қариндошининг ишхонасига бориб огоҳлантиришгани ва ҳамма бинодан ташқарига олиб чиқилаётганини асос қилиб келтирди. Мурожаатчилар орасида собиқ иттифоқ даврида аҳолини турли фавқулодда вазиятлардан огоҳлантирувчи карнайлар орқали хабар берилганини таъкидлаганлар ҳам бўлди.

Суриштирувларимиз давомида сурхондарёликлар келтирган важларнинг ҳеч бири тасдиғини топмади. ФВВдаги манбаларимиз аҳолига ер қимирлаши кутилаётгани ҳақида ҳеч қандай смс-хабар ҳам юборилмагани, шунингдек, хавфдан огоҳлантирувчи қурилмалар орқали бундай хабар тарқатилмаганини билдиришди.

Ҳолат юзасидан расман баёнот берган Сурхондарё вилоят ҳокимлиги аҳоли ўртасида тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

“Воҳа аҳолиси ўртасида айрим тасдиқланмаган ва ёлғон ахборотлар сабабли ер қимирлаши, зилзила содир бўлиши ҳақида хабарлар тарқалган.

Ҳурматли фуқароларимиздан ҳеч қандай ваҳимага берилмасликларини сўраган ҳолда, вилоят ҳудудида сейсмик ҳодисалар, ер қимирлаши ёки зилзила содир бўлиши ҳақида тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз ва ёлғон хабар эканлигини маълум қиламиз”, дейилади расмий баёнотда.

Вилоят ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида турли ғараз ниятларда аҳоли ўртасида ёлғон хабар тарқатаётганларга нисбатан жавобгарлик белгиланганини эслатган.

2022 йилнинг июнида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Тўпаланг сув омбори тўғони ёрилиб кетгани ва натижада атрофни сув босгани ҳақида ҳам ваҳимали хабарлар тарқалган, расмийлар ҳолат юзасидан мурожаат билан чиқишга мажбур бўлишганди.

2020 йилда кечаси Бухоро вилояти ҳудудида кучли шамол юз бериши ортидан Олот ва Қоракўл тумани аҳолиси ўртасида сув тошқини юз бериши ҳақида миш-мишлар тарқалган ва одамлар ўз турар жойларини ташлаб қирликларга чиқиб кетган, Сув хўжалиги вазирлиги буни рад этганди. Кейинчалик сув тошқини ҳақида уйдирма тарқатиб, ваҳима қўзғаган шахслар ушланганди.

Мавзуга оид