Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Эрматов Жиноят кодексининг 205-моддасида (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланмоқда. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Бу маълумотни Kun.uz'нинг ҳукуматдаги манбаси тасдиқлади.

Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов раҳбарининг январ ойидан буён ишга чиқмаганини тасдиқлар экан, жиноят иши ва илгари сурилаётган айблов ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

Хорижий нашрларда қайд этилишича, Миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўзғатилган ва 3 январь куни агентлик биносида тинтув ўтказилган. Жиноят иши доирасида яна уч мулозим сўроққа чақирилган, уларнинг айримлари ҳибсга олинган.

Шу йилнинг бошида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Миграция агентлиги устидан назорат қилишга масъул бошқарма бошлиғи қамоққа олинган эди. У мигрантларга авиачипта устига нарх қўйиб сотиш орқали фирибгарлик қилганликда гумонланаётганди.

Маълум бўлишича, агентликдаги ҳибсга олишлар билан вазирлик мулозимининг қамоққа олиниши Жанубий Кореяга ишга юбориш жараёнида йўлга қўйилган коррупцион схеманинг фош бўлиши билан боғлиқ. Бироқ на Меҳнат вазирлиги ва на тергов органи бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ахборот хизмати Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши ким томонидан қўзғатилган бўлса, шу орган маълумот бериши кераклиги, айни пайтда прокуратура органлари иш юритувида бундай иш йўқлигини билдирди.

2010 йилдан 2013 йилгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида раҳбар бўлиб ишлаган, 2022 йилнинг мартидан яна ушбу лавозимга қайтган Афзал Эрматов 2018 йилда Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан айбланиб, жарима жазосига ҳукм қилинган.

2022 йил 17 мартдан бошлиқ вазифасини бажарувчи этиб тайинланган ва 2022 йил 1 ноябрдан расман тўлақонли бошлиққа айланган. Аввалроқ Kun.uz у в.б. қўшимчасидан халос бўлгани ҳақида ҳеч қаерда маълумот берилмаганига эътибор қаратганди