Ўзбекистон | 14:11 / 06.04.2023
20565
3 дақиқада ўқилади

Олий суд педофил-амалдорлар ишини қайта кўришга юборди

Хоразм вилоятида икки мансабдор меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келиб, бунинг учун жуда енгил жазо олгани ҳолати апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилади. Олий суд прокуратуранинг бу борадаги протестини қаноатлантирди. Қўшмачи мудирага берилган 5,5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолади.

Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Қурязов бошқатдан суд қилинади.

Улар Урганч шаҳридаги оилавий меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келган. Хива туман суди меҳрибонлик уйи мудирасига 5,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини берган, икки давлат амалдорига эса 1,5 йилга озодликни чеклаш (тунги вақтда уйида бўлиш) жазоси билан кифояланган эди.

Судланувчиларнинг учаласи ҳам Хоразм вилояти судига апеллция берган, 2022 йил 27 декабрда апелляция суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Воқеа ошкор бўлиб, енгил жазо резонансга сабаб бўлгач, Олий суд 1 апрел ҳолатига иш бўйича ҳеч қанақа шикоят келиб тушмаганини маълум қилган, Бош прокуратура эса икки собиқ амалдорга берилган жазони енгил деб ҳисоблаб, 29 мартда протест киритилганини билдирганди. 3 апрел, душанба куни Олий суд протестни қабул қилиб олганини маълум қилди.

Бугун, 6 апрел куни Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 27 декабрдаги ажримнинг Машарипов ва Қурязовга оид қисмини бекор қилиб, ишни янгитдан апелляция инстанциясида кўришга юбориш тўғрисидаги Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протестини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қаноатлантирди.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Хоразмда вояга етмаган қизни 11 эркак зўрлагани ҳақида ҳам хабарлар бор. Педофиллар “ИИБга алоқадор одамлар” экани айтилмоқда. Август ойида рўй берган ҳолат интернетда энди ёйилиши ортидан, воқеага болалар омбудсмени эътибор қаратди ва 3 киши ҳибсга олинди.

Шунингдек, Қашқадарёнинг Чироқчи туманида 52 ёшли шахс меҳрибонлик уйидан асраб олинган 13 ёшли қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйганликда айбланяпти. Бу борадаги суд 7 апрел куни бошланади.

Мавзуга оид