Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги 41-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига берилган ширинликнинг ичидан қум чиқди. Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчиси Багдагул Бекбосинованинг мурожаати тарқалди.
Унинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига берилаётган бепул егуликларнинг “сифати жудаям қониқарсиз”.
“Шу кунгача берилган маҳсулотлар бўйича қатор камчиликларни мактаб раҳбариятига айтиб келганман. Олмалари ювилмаган, чириган... Кекс ичидан қизлар сочига тақадиган “невидимка”, ун қопини тикадиган ип чиққан кунлар ҳам бўлган. Лекин 7 апрел 2023 йил 2-“Б” синф ўқувчимнинг конфетидан қум аралаш тупроқ чиқди. Қиз бечора ярмини еган. Конфет ўралган қоғозини кўздан ўтказсам, ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч нима ёзилмаган.
Бундай маҳсулотларни бериб, болаларнинг соғлигига зарар етказиб, берганидан бермагани яхши эмасми?
Келажагимиз бўлган болалар соғлиги барча учун муҳим.
Тегишли жавобгар шахслар бундай сифатсиз маҳсулотни олиб келиб болаларга тарқатгани учун жавоб беришини сўраб қоламан. Ҳар бир ўқувчи учун кунига неча сўм сарфланади? Берилаётган маҳсулотлар шу пулга арзийдими?” – дейди муаллима 8 апрел куни ижтимоий тармоқда эълон қилинган мурожаатида.
Мурожаатга чириган олманинг расми, шунингдек, егуликлар ичидан сочга тақиладиган тўғноғич ва қум чиққани акс этган сурат ва видеолар илова қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 10 апрел куни ҳолатни тасдиқлади.
Маълум қилинишича, ҳолат бўйича Хўжайли тумани ХТБ томонидан ўрганиш ишлари ўтказилган. Бу тумандаги 41-мактабда 961 нафар ўқувчи ўқийди, шундан 388 нафари – бошланғич синф ўқувчилари. Уларга озиқ-овқат маҳсулотларини 2022 йил 10 октябрдан бери “Bekbergen Servis Orayi” МЧЖ етказиб бермоқда.
Ўрганишда аниқланишича, ушбу корхона томонидан 2023 йил 7 апрел куни 41-мактабдаги 388 нафар бошланғич синф ўқувчиси учун тасдиқланган таомнома (меню) асосида ёнғоқли кекс, “СТЕЛ” шоколади, олма, ширин чой етказиб берилган. Келтирилган егуликлар соат 9:45 да махсус комиссиянинг 5 нафар аъзоси томонидан қабул қилиб олинган.















