Энг арзон сегментдаги автомобиллар учун бож тўсиғи пасайди

Жума куни кечқурун ҳафтанинг энг асосий янгиликларидан бири – айрим тоифадаги автомобиллар учун бож тўловларини камайтириш бўйича президент қарори эълон қилинди.

Қарорга кўра, ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган, двигател ҳажми 1000 см кубдан юқори бўлмаган янги енгил автотранспорт воситалари учун божхона божи 2026 йил 1 январгача 0 фоиз деб белгиланди. Двигател ҳажми 1000–1200 см куб бўлган автомобилларни олиб киришда эса 5 фоизлик бож ставкаси қўлланади.

Бу икки тоифадаги автомобиллар учун амалдаги ставкалар 15 фоиздан бўлиб, асосий ставкага қўшимча коэффициентлар ҳам белгиланган эди.

Расмийларга кўра, янги қарор натижасида нархи 10 минг доллар, двигател ҳажми 1 000 см кубгача бўлган автомобилни Ўзбекистонга олиб киришдаги жами божхона тўловлари тақрибан 4 минг доллардан 2 минг долларга камаяди. Нархи 20 минг доллар, двигател ҳажми эса 1,2 литр бўлган автомобилни олиб кириш харажатлари эса 10 минг доллардан 7 минг долларга пасаяди.

Икки йирик молиявий IT-компания бирлашмоқда

Uzum ва Click компаниялари бирлашяпти. Бирлашиш бўйича кейинги қадамлар тўғрисидаги битим 12 июн куни Тошкентда имзоланди.

“Компаниялар кундалик муаммоларни ҳал қилиш ва бизнесни ривожлантириш учун бир вақтнинг ўзида бир нечта янги сервисларни ишга туширишни режалаштирмоқда” дейилади Uzum компанияси хабарида. Компаниялар Clickни superapp'га айлантиришни режалаштиряпти.

Ўтган йил декабрда Uzum компанияси “Капиталбанк”нинг 50 фоиз улушини сотиб олди, ундан аввалроқ эса банкнинг шуъба корхонаси бўлмиш “Apelsin” рақамли банки Uzum экотизимига қўшилди ва ўз номини Uzum Bank деб ўзгартирди. Айни пайтда бу бренд остидаги маркетплейс оммалашиб боряпти.