Якунланган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари — Kun.uz дайжестида.

Ҳафта президент Шавкат Мирзиёевнинг энг жанубий вилоят — Сурхондарёга жорий йил давомидаги учинчи ташрифи билан ёдда қолди. Президент Сурхондарёда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, вилоят аҳолисининг турмуш тарзини юксалтиришга қаратилган режалар билан танишди.

Мирзиёев Бойсун туманида «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ-кимё мажмуаси қурилиши билан танишди.

Surkhan Gas Chemical Operating Company хорижий корхонаси томонидан амалга оширилаётган, 7 минг киши меҳнат қилаётган мазкур лойиҳанинг қиймати қарийб 3 млрд доллар. Мажмуа йилига 5 млрд метр куб газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Ҳозиргача конни ўзлаштиришга 1 млрд 450 млн долларлик инвестиция киритилиб, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланган. 11 та газ қудуғи синовдан муваффақиятли ўтган.

«Асосий мақсад газни хомашё ҳолатида сотиш эмас, уни қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар олиш бўлиши лозим. Инвестиция тез вақтларда ўзини оқлаб, завод рақобатбардош бўлиши учун охирги маҳсулот сифатли ва юқори даромадли бўлишига эришиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мамлакатнинг иккинчи йирик ГЭСига айланган Тўпаланг гидро электр станциясига борди. Бу ерда сўнгги уч йилда сув омборининг сиғими 380 млн метр кубдан 500 млн метр кубга кўтарилди. Жами қуввати 145 мегаваттли иккита агрегат ўрнатилди. Тўпаланг ГЭСнинг умумий қуввати 175 мегаваттга етиб, Чорвоқ ГЭСдан кейин мамлакатдаги иккинчи йирик станцияга айланди.

Сариосиёда қуввати 16 MW ва йилига 70 миллион kWh экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарадиган «Зарчоб–3» кичик ГЭСи қурилишига ҳам старт берилди. 2020 йил декабрда 37 MWли «Зарчоб–1» ҳамда 2021 йил сентябрда 38 MWли «Зарчоб–2» ГЭСлари ишга туширилганди.

Тўпаланг дарёси негизида гидро энергетика қувватларини ошириш бўйича тақдимот ҳам ўтказилди. Унга кўра, келгуси йилларда дарёнинг юқори қисмида қуриш учун 20 та истиқболли лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг умумий қуввати 264 MW бўлиши мўлжалланган.