Ўзбекистон | 19:15 / 16.03.2024
37279
12 дақиқада ўқилади

Тугатилган Қўйлиқ, “қовун туширган” UzAuto ва 98 фоизга етган давомат — ҳафта дайжести

Миллий гвардия эффекти: мактабларда давомат салкам 100 фоизга етгани айтилмоқда. Ошкораликка тескари тенденция: жамоатчилик Perfectum ҳам сотилганидан хабар топди. Ташаббусли бюджетда овоз бериш бошланди: бу сафар ютиш имконияти кўпроқ. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Қўйлиқ улгуржи бозори тугатилмоқда

Тошкентнинг энг машҳур ва рамзий жойларидан бири, шаҳарни озиқ-овқат билан таъминлаш занжирининг асосий ҳалқаси бўлиб келган Қўйлиқ улгуржи бозори – энди ўтмиш. Йил бошида бозор “таъмирлаш учун” деган важ билан ёпилганида бу шунчаки баҳона эканини айтганлар ҳақ бўлиб чиқди: бозор реконструкция эмас, ликвидация қилинади.

Қўйлиқдаги савдогарларни янги қурилган Food city савдо мажмуасига кўчириш ҳаракатлари 2021 йилда бошланган эди. Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қўйлиқ бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони кўчирилишини эълон қилган, расмийлар буни бозорда зарур шароитлар йўқлиги билан изоҳлаган, тадбиркорларга зудлик билан бозорни бўшатиб қўйиш, акс ҳолда ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириш хатлари берилганди. Бунинг ортидан айрим бозорчилар норозилик билдириб, ҳалқа йўлини тўсиб қўйгани сабаб қамоққа олинганди.

Савдогарлар таклиф этилаётган янги бозорда ижара тўловлари қимматлиги ва мижозларини йўқотиб қўйишларини айтиб, кўчиб ўтишга шошилмагани, бошқа томондан интернетдаги танқидлар фонида мажбурий кўчириш операцияси тўхтатилган эди. 2024 йил январига келиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги улгуржи бозор реконструкция қилиниши сабабли ёпилганини эълон қилиб, тадбиркорларни яна бир марта Food city ва “Тошкент индекс” каби мажмуаларга кўчиб ўтишга чақирди. Бунинг ортидан шаҳарда мева-сабзавотлар нархи қимматлашди.

Март ойига келиб маълум бўлишича, улгуржи бозорнинг юридик шахси – “Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ ликвидация ҳақида қарор қабул қилган. Корпоратив ҳужжатлар бу жараён ҳам тартибсиз бўлганини кўрсатяпти. Гап шундаки, бозор кузатув кенгаши 24 январ куни номинал қиймати 54 млрд сўмлик қарийб 36 миллионта акцияни эмиссия қилиш ҳақида қарор чиқарган. Бундан мақсад реконструкция учун маблағ жалб қилиш бўлгандир, эҳтимол. Орадан 5 кун ўтиб, акциядорлар умумий йиғилишига компания фаолиятини тугатиш масаласи киритилган ва бу таклиф бир овоздан рад этилган. Лекин кўп ўтмай вазият ўзгарган, 29 феврал куни 94 фоизлик кворум билан компания фаолиятини тугатишга қарор қилинган. Ваҳоланки, бундан бир кун олдин бозорнинг 54 млрд сўмлик янги акциялари давлат рўйхатидан ўтказилган эди.

Улгуржи бозор ўрнида нима қурилиши маълум эмас. Бозорнинг 93 фоизлик акциялари эгаси бўлмиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳеч қандай изоҳ бермаяпти. Фаолларга кўра, бу ҳолатда миноритар акциядорлар, яъни қарийб 7 фоизлик улуш эгаси бўлган меҳнат жамоасининг ҳуқуқлари бузилаётган бўлиши мумкин.

Маълумот учун, фаолияти тугатилаётган компания бу Қўйлиқ улгуржи бозори бўлиб, унинг ёнида жойлашган Қўйлиқ деҳқон бозори ишлашда давом этяпти. Шунингдек, юқорида айтиб ўтганларимиз кўприкнинг нариги томонидаги Қўйлиқ универсал савдо марказига тегишли эмас. Давлатга қарашли деҳқон бозори ва хусусий савдо маркази – улгуржи бозордан алоҳида, бошқа-бошқа юридик шахсларга тегишли.

Perfectum хусусийлаштирилган

Афтидан, эндиликда давлатга тегишли деб ҳисоблаб келинган бирор-бир йирик активни ҳозир ҳам давлатники деб ишонч билан айтиш учун корпоратив ҳужжатларга бир назар ташлаб қўйиш зарар қилмайди. Айниқса, охирги йирик хусусийлаштириш кейсларидан кейин. Бўлаётган ишлар жамоатчилик фаолларининг бирор-бир мулк сотилиб кетмадимикин деб ҳар-ҳар замонда текширув ўтказиб туришини ҳам заруратга айлантириб қўйди.

Ўтган ҳафталарда жамоатчилик мамлакатдаги энг йирик бензин шохобчалари тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи хусусийлаштирилганидан хабар топган, қачон, қандай қилиб, қанча нархга сотилди деган саволлар эса очиқ қолган эди. Бу саволлар ҳалигача жавобсиз қолаётган бир пайтда, Perfectum компанияси ҳам бир неча ой олдин давлат тасарруфидан чиқарилгани ойдинлашди.

Маълум бўлишича, Perfectum'нинг юридик шахси – “Rubicon Wireless Communication” МЧЖнинг 100 фоиз улуши Абдумалик Иминов исмли фуқаро эгалигига ўтган. Қачон, қанча нархга, нега очиқ танловсиз деган саволларни Давлат активларини бошқариш агентлиги одатдагидек жавобсиз қолдирди. Маълумот учун, Perfectum хусусийлаштириш дастурига киритилган 2020 йилда компаниянинг 65 фоиз улуши давлатга тегишли эди.

Марказий банк: Ташқи савдо балансидаги тақчиллик сақланиб қолади

Ҳафта давомида АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси янги максимум – 12 630 сўмга етди. Курс тебранишидаги фундаментал омил – ташқи савдо борасида кутилмалар ижобий эмас. Агар охирги вақтларда барқарор сақлаб турилган рубл курси бугун Россияда бўлиб ўтаётган президентлик сайловидан кейин пасая бошласа, бу сўмга қўшимча босим ўтказади. Қолаверса, Марказий банк баёнотига кўра, яқин истиқболда ташқи савдо балансидаги тақчиллик сақланиб қолиши кутиляпти. Экспорт ва импорт қиймати ўртасидаги манфий салдо 2023 йилда салкам 14 млрд долларга етганди.

Регулятор шу ҳафта иқтисодиётдаги ноаниқликлар ва инфляцияни оширувчи кутилмаларнинг сақланиб қолаётганидан келиб чиқиб, асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Шунингдек, 2024 йил учун инфляция прогнози ҳам 8-9 фоиз даражасида сақлаб қолинди. Марказий банк ўз шарҳида йил бошидан бери озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш динамикаси пасайгани, бу қисқа муддатли истиқболда талаб ва таклиф номутаносиблигини келтириб чиқариши ёки импортга қўшимча босим яратиши мумкинлигини қайд этган. Расмий статистикага кўра, январ ойида озиқ-овқат секторидаги ишлаб чиқариш ўтган йилнинг январига нисбатан қарийб 11 фоизга қисқарган.

Марказий банк шу ҳафта олтин-валюта захиралари ҳисоботини ҳам эълон қилди. Ҳар ой бериб бориладиган ҳисобот январ ойи учун эълон қилинмагани хавотирларга сабаб бўлганди. Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг расмий захиралари январ-феврал ойларида 2,37 млрд долларга ёки қарийб 7 фоизга камайиб, 1 март ҳолатига 32 млрд 195 млн долларни ташкил этган. Маблағларнинг бир қисми 2019 йилда чиқарилган илк суверен евробондларни сўндириш учун ишлатилган.

UzAuto: Нарх ошди ва ошмади

Автомобилларининг нархи ҳалигача доллар курсига боғлиқ бўлиб қолаётган UzAuto Motors кутилмаганда “қовун тушириб” қўйди. Компания сешанба куни ўз сайтидаги прайс-листни янгилаб, Damas, Labo ва Cobalt'нинг оширилган янги нархларини жойлаштирди. UzAuto авваллари ҳам нарх ошгани ҳақида алоҳида хабар тарқатмай, шунчаки прайс-листни ўзгартириб қўйганидан келиб чиқиб, аввалига кўпчилик буни одатий ҳол деб қабул қилган ва бирор қўшимча расмий изоҳ кутмаётганди. Лекин кутилмаганда расмий баёнот берилиб, Damas, Labo ва Cobalt нархлари 3,5 фоиздан 6,7 фоизгача оралиқда қимматлашиши тасдиқланди. Ва яна кутилмаганда, 2 соат ўтар-ўтмай компания яна баёнот бериб, нархлар ошганини рад этди.

“Ҳозирда контрактация жараёнлари олиб борилмаётганини инобатга олган ҳолда, Chevrolet.uz сайтида кўрсатилган нархлар 2024 йилнинг 4-чораги учун прогноз кўрсаткичлари асосида ҳисоблаб чиқилган. Нархларни ошириш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган”, – дейилади иккинчи расмий ахборотда. Бу эса янги нархларни эълон қилишдан олдин “юқори” билан келишиб олинмагани ҳақидаги тахминларга сабаб бўлди.

Иккинчи баёнотда айтилишича, биринчи релиздан мақсад дилерлар билан ишлашнинг янги тизимига ўтилганини эълон қилиш бўлган. Бу тизимга кўра, UzAuto Motors ўз дилерларига автомобилларни кейинчалик сотиш учун харид қилиш имкониятини беради. Бунда, ишлаб чиқарувчи ўз дилерларига тавсиявий чакана нархларни белгилаб беради. Компания изоҳига кўра, янги тизим дилерлар ўртасида рақобатни кучайтиради, хизмат сифатини яхшилайди. Масалан, автосалонлар магнитоласиз Cobalt'га сенсорли магнитола ўрнатиб ёки шунга ўхшаш опциялар қўшиб, харидорларга таклиф қилиши мумкин бўлади.

Модомики, UzAuto'нинг автосалонлари расман олибсотарлик билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўларкан, контрактация очилган пайтда оддий харидорлар ва автосалонлар ўртасидаги рақобат қандай ташкил этилади, буниси ҳозирча номаълум.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Президент Шавкат Мирзиёев уй-жойлар қуриш соҳасида янги вазифаларни белгилаб берди. “Уй-жой қуриш ҳажмини ҳар йили камида 20 фоизга ошириб боришимиз керак”, деди давлат раҳбари. Бозорда таклифни кўпайтириш учун вилоятлар ҳокимлари кўп қаватли уйлар қуриш учун қўшимча 20 гектардан, Тошкент шаҳри ҳокими эса 60 гектар ноқишлоқ ерларни 2 ой ичида аукционга чиқариши топшириғи берилди. Йиғилишда маълум қилинишича, ипотекага олинаётган уй-жойни суғурталаш талаби бекор қилинади. Шунингдек, кўп қаватли уй қурилишига рухсат беришда пудратчининг рейтингига қаралади, яъни 5 қаватли уйни қуриш учун камида “қониқарли”, 9 қаватли уй учун эса “ўрта қониқарли” рейтингини олиш керак бўлади. Маълум бўлишича, Тошкентнинг Оқтепа даҳасида реновация дастурини хитойлик инвесторлар амалга оширади.

Мактабларда ўқувчилар давомати 97,7 фоизга етди. Бу ҳақда давоматни кўтаришга сафарбар этилган Миллий гвардия маълум қилди. Идорага кўра, 6 февралдан 7 мартгача – бир ой давомида 1 млн 769 минг ўқувчи мактабга қайтарилган. Бу жараёнда таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг ота-онага огоҳлантириш берилган, 4 мингга яқини маъмурий жавобгарликка тортилган. Таққослаш учун, ўтган йили бундай сабаб билан жаримага тортилган ота-оналар сони ойига ўртача мингта бўлган.

Ангор ҳокими “Аёллар дафтари” маблағлари ҳисобидан Captiva-5 сотиб олди. “Ревизор” каналининг хабар беришича, ҳокимлик балансидаги Captiva-2 аварияга учраганидан кейин сотиб юборилган ва ўрнига 350 млн сўмлик Captiva-5 харид қилинган, пул эса “Аёллар дафтари” жамғармасидан олинган. Ҳолат бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги текширув бошлади. Эслатиб ўтамиз, туман (шаҳар) ҳокимлари учун сотиб олинадиган хизмат машиналарининг нархи 340 млн сўмдан ошмаслиги керак.

Профессионал боксчи Исроил Мадримов супер ярим ўрта вазнда жаҳон чемпиони бўлди. У ўтган шанба куни WBA камари учун россиялик Магомед Қурбоновни 5-раундда нокаутга учратди. “Бу менинг биринчи титулим, лекин менга тўртта камар керак” дея, ўрта вазн тоифасида бошқа кучли боксчилар ва жаҳон чемпионлари билан жанг ўтказишга тайёрлигини билдирди Мадримов. Жума куни Ўзбекистонга қайтган боксчига давлат томонидан нархи 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган Tahoe автомобили совға қилинди.

Тошкентда вояга етмаган қизга шилқимлик қилган такси ҳайдовчиси қамалди. Суд ҳужжатларига кўра, қиз 15 ёшда эканини айтганига қарамай, 22 ёшли таксичи унга тегажоғлик қилаверган, чиройли экани ҳақида шаҳвоний гаплар гапирган. Таксичи судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, бошқа такрорламасликка ваъда берган. Суд унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Бундан аввал ҳам Тошкентда йўловчи аёлга шилқимлик қилган бошқа бир такси ҳайдовчиси 5 суткага қамалганди.

Ташаббусли бюджетда овоз бериш жараёни бошланди. Бу сафарги мавсумнинг аввалгиларидан иккита катта фарқи бор. Биринчидан, “бир киши – бир овоз” тамойилига ўтилди. Унга кўра, фуқаронинг нечта сим-картаси борлигидан қатъи назар, унинг фақат биринчи овози ҳисобга олинади. Иккинчи янгилик – ажратилаётган маблағлар 2 баробарга ошган, бу эса кўпроқ лойиҳалар ғолиб чиқа олишини англатади. Овоз бериш жараёни 4 апрел соат 23:59гача давом этади.

Мавзуга оид