Республиканинг бир нечта ҳудудида йод препаратларидан болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши тергови доирасида уч нафар гумонланувчига нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси маълум қилди.

Жиноят иши доирасида, 2023 йил ноябр ойида жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг ажрими билан Ё.Х.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ф.Ҳ., ушбу марказ лаборатория мудири, катта илмий ходим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош эндокринологи Н.А. ва ССВ Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Ҳ.Ғ.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Улар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш) 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда гумонланган.

Бунинг ортидан Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси давлат раҳбарига мурожаат йўллаб, шифокор олима аёлларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси нотўғри қўлланилганини таъкидлаганди.

Манбага кўра, ҳозирда прокуратура эҳтиёт чорасини ўзгартирган, гумонланувчилар гаров эвазига озод этилган.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

«Антиструмин» дори воситасини ишлаб чиқарган корхона лицензияcи вақтинча тўхтатилди

“Антиструмин” иши ҳақида

2023 йил 20 сентябрдан Ўзбекистонда “Ёрқин миллат” дастури бўйича болаларни йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди.

21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилди