Олий Мажлис Сенатининг 18 апрел кунги ялпи мажлисида сўзга чиққан Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ислом молиясини ривожлантиришга оид қандай ишлар қилинаётгани ҳақида сенаторлар саволига жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
МБ раиси ўринбосарига кўра, ўтган йили августда ҳам, ундан олдинги йилда ҳам президентнинг тадбиркорлар билан учрашувида ислом молияси масаласи кўтарилганидан бери вазирликлараро ишчи комиссия бу бўйича ишлаган.
“Битта нарсани тушуниш керак, бу янги ва мураккаб соҳа. Қонунчиликка жуда кўп ўзгартириш киритишни талаб қилади. Марказий банк тўғрисидаги қонундан тортиб, банклар фаолияти тўғрисидаги қонунгача. Ҳозир қонун лойиҳаси тайёр. 2024 йилда шуни ишлаб парламентда киритиш вазифамиз бор деб ҳисоботимда ҳам айтиб кетдим.
Ундан ташқари, бизда бошқа қонунга ўзгартириш киритилган. Микромолия ташкилотлари тўғрисидаги қонунимизда алоҳида тартиби бор, бунинг энди низоми кутилаётган эди. Бу Марказий банк томонидан ишлаб чиқилди. Бу исломий молия хизматларини кўрсатишга оид. Давлат рўйхатидан ўтиш керак, шундан кейин бу соҳада ишлаш бошланади”, деди Беҳзод Ҳамроев.
Беҳзод Ҳамроев берган маълумотларга кўра, 12та банкда, хусусан, Агробанк, Саноатқурилишбанк, Микрокредитбанк, Ипак йўли банкларида хусусий секторни ривожлантириш бўйича кредит линиялари ҳисобидан мубораҳа хизматлари кўрсатилиб келиняпти.
Шунингдек, Трастбанк ҳузуридаги “Траст муомалат” МЧЖ томонидан исломий лизинг, яъни ижара ва мубораҳа – насияга савдо операциялари, Ҳамкорбанк томонидан ҳам исломий лизинг хизматлари кўрсатиб келиняпти.
“Базавий қонунларимизни 2024 йилда якунига етсазсак, қолган банкларда ҳам бу хизматлар оммалашишига ҳам талаб бор, ҳам шароит яратилади”, – деди МБ раиси ўринбосари.
Ўзбекистонда ислом молияси
Ўзбекистон расмийлари банк сектори ва ташқи савдони ривожлантириш мақсадида ислом иқтисоди бошқаруви ва ислом молиявий институтларини жорий қилиш нияти ҳақида 2017 йилдан буён айтиб келади.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида Ипак йўли банки Ислом тараққиёти корпорациясидан 2006 йили 2 миллион, 2010 йил 5 миллион, 2017 йилда эса 14 миллион доллар маблағ жалб қилган.
















