Минтақа учун тарихий ҳафта: оғриқли чегара масалаларини ҳал қилиб олган Марказий Осиё Евроиттифоқ билан стратегик шерикка айланди. Йирик хусусийлаштириш битимларидан бири бекор қилинди: катта зарарга кириб кетган “Кварц” заводини давлат қайтариб олди. Пискент ҳангомалари давом этади: “хавфли машина”га чиқарилган Leapmotor'ни хитойликлар келиб текширади. Ҳафтанинг муҳим воқеаларидан қисқача шарҳлар – Kun.uz дайжестида.

Фарғона водийсидаги чегаралар келишиб олинди

Марказий Осиёдаги чегара низоларига ваниҳоят давлатлар даражасида расман барҳам берилди. 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегара шартномаси имзоланган бўлса, 31 март куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномага имзо чекилди.

Душанба куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўтган учрашувда уч мамлакат раҳбарлари чегара битимидан ташқари, “Абадий дўстлик тўғрисида”ги декларацияни ҳам имзолади. Яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликнинг рамзи сифатида, ўзаро чегараларнинг туташган нуқтасида қурилган “Дўстлик” стеласи очилди.

Барча томонлар бу келишувларнинг тарихий аҳамиятини бир овоздан эътироф этяпти, кўплаб давлатлар ва ташкилотлар олқишлаяпти. Айни пайтда, қатор экспертлар айрим аҳоли вакиллари томонидан оғриқли қабул қилиниши мумкин бўлган чегара келишувларини энди амалиётда, самарали рўёбга чиқариш муҳимлигини айтмоқда.

Умуман, Марказий Осиёда интеграцияга интилишнинг бундан кейинги суръати ҳам сиёсий ирода, иқтисодий ҳамкорлик, сув ресурслари тақсимоти ва ташқи акторларнинг роли каби бир қатор омилларга боғлиқ бўлади. Бу жараёнда, айниқса расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатда Марказий Осиёни устувор йўналиш деб кўраётгани ва ҳар йили маслаҳат учрашувлари ўтказиб келинаётгани муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, икки томонлама норасмий учрашувлар ҳам бўлиб турибди. Ўтган ҳафта охирида Шавкат Мирзиёев Олмаотага норасмий сафар қилиб, қозоғистонлик ҳамкасби билан “Медеу” тоғ-чанғи мажмуасига борганди