Совет Иттифоқи даврида барча иқтисодий фаолият ҳукумат томонидан режалаштирилган, корхоналар 100 фоиз давлатга тегишли бўлган. Бозор тамойиллари, рақобат, хусусий мулк тушунчалари деярли йўқ эди.

Шу сабабдан ҳам мустақилликдан кейинги йилларда постсовет маконида давлат корхоналарини сотиш энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Чунки улар самарасиз, жамият учун жуда қимматга тушади ва иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон мисолида олиб қарасак, кенг масштабли хусусийлаштириш тўлқинига 2020 йилнинг охиридан старт берилди. Шу йилнинг 27 октябр куни қабул қилинган «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида сотилиши керак бўлган корхоналар, объектлар ва давлатга тегишли бошқа активларнинг каттагина рўйхати тасдиқланди. «2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорида эса давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш мақсад қилинганди. Аммо ўтган давр мобайнида бир қатор сотувларнинг қанчалик шаффоф кечгани доимий тарзда савол остига олиб келинмоқда.

2025 йилдан хусусийлаштиришнинг иккинчи тўлқини бошланади. Бунда 29 та давлат иштирокидаги йирик корхоналар устав капиталидаги акциялар пакетини оммавий савдоларга чиқариш кўзда тутилган. Улар орасида UzAuto Motors, UMS, Uzbekistan GTL, Ўзбекинвест, Ўзметкомбинат, Тошкент трактор заводи, Технопарк ва бир қанча ИЭСлар бор.

Шунингдек, 12 та давлат иштирокидаги йирик корхона устав капиталидаги акциялар пакетининг халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи ёки иккиламчи оммавий таклифини ўтказиш кўзда тутиляпти. Улар қаторига Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Uzbekistan Airways, Навоийуран, Ўзтелеком, Ўзтрансгаз, Ҳудудий электр тармоқлари, Ҳудудгазтаъминот каби йирик компаниялар киритилган.

Нега хусусийлаштириш керак?

Хусусийлаштиришдан асосий мақсад – давлат активларини энг юқори нархларда мулкдорларга топшириш. Мулкдор мулкни қанча қимматга олса, табиийки, тиккан пулини қайтариб олиш учун ундан шунча самарали фойдаланади.