Темурийлар тарихи давлат музейи реконструкция қилинди, президент уни кўздан кечирди. Маҳалла профилактика инспектори ортиқча вазифалардан халос этилиши айтилди. Банк ва тўлов компаниялари иловасидан фойдаланиш бўйича янги тартибга тушунтириш берилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланди
Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланмоқда. Сана муносабати билан мамлакатда маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ўтказилди.
Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига ташриф буюриб, машҳур давлат арбоби, саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Сўнгра реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейини кўздан кечирди. Давлат раҳбари янгиланган экспозиция ва бошқа шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берди. Шунингдек, музейнинг меҳмонлар китобида дастхат қолдирди.
Маҳалла профилактика инспектори ортиқча вазифалардан халос этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбари бугунги таҳликали замонда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш энг устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Маҳаллаларда профилактика ишларини ташкил этиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Уларни ортиқча вазифалардан халос этиб, бевосита ўзига юклатилган ишга – маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли муаммолари билан манзилли ишлашга тўлиқ йўналтирилган тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.
Банк ва тўлов компаниялари иловасидан фойдаланиш бўйича янги тартибга тушунтириш берилди
















