Ижтимоий тармоқларда Real Sanjik тахаллуси билан танилган Санжар Каримовга оид жиноят ишини биринчи инстанция судида кўриб чиқиш бошланди.
Санжар Каримов ва унинг адвокатлари суд мажлисларини ёпиқ тарзда ўтказиш бўйича илтимоснома киритди. Судлов ҳайъати буни рад қилди: иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши билдирилди. ОАВ вакилларига суд мажлисини видеотасвирга олиш рад этилди, шу билан бирга, суратга олиш ҳамда аудио шаклда ёзиб олишга рухсат берилди.
Kun.uz мухбири хабар беришича, дастлабки суд мажлисида томонларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган. Шунингдек, эълон қилинган айблов бўйича фикрлар тингланган.
Хусусан, Санжар Каримовдан эълон қилинган айбловларга иқрор ёки иқрор эмаслиги ҳақида сўралган.
«Менга қўйилган айбловларнинг бирортасига иқрор эмасман», – деган айбланувчи.
Шундан сўнг жабрланувчилардан бири Феруза Раҳматуллаева тингланди.
Унга кўра, Санжар Каримов қўнғироқ қилиб, ўғли Шаҳзод Рисматов Олимбоеванинг уйини гаровга қўйган ҳолда ундан пул олганини, ўша пулни қайтариб беришни айтган ва бунинг учун бир ҳафта муҳлат берган. Шундан сўнг жабрланувчи мулкларини сотишга киришган. Бу пайтда Шаҳзод Рисматов Дубайда бўлган.
“Ўғлимнинг иккита машинаси ва ҳамда паспортини Санжар Каримов олиб қўйган экан. Олимбоеваларнинг уйини ҳам гаровга олган экан. Булардан мени хабарим йўқ эди.
Бир ҳафтада Санжар Каримовга пул беролмадим. Кейин жудаям сиқилдим, ҳар хил жойларга мурожаат қилдим. Ўша бир ҳафтада уйимга ҳар хил одамлар келди, босимлар қилишни бошлашди, қўрқитишди.
…Кейин Санжар Каримов телефон қилиб, болангнинг тобутини кўтарасан, шарманда қиламан ўғлингни, кино чиқараман, дея ёмон сўзлар билан ҳақорат қилди.
Ўша ишда жабрланувчиларнинг ҳаммаси Санжар Каримовнинг илтимоси билан менинг ўғлимнинг устидан ёзишди. Лекин ўша пулларни менинг ўғлим олмаган. Терговда ўғлим тўғри кўрсатма берган: Санжар Каримовга офисда пул берганини айтган.
Терговда мени чалғитишди. 8 соат терговда олиб ўтиришди. Телефонимни олиб қўйишди. “Ўғлинг мана шунақа кўрсатма бермаса бўлмайди. Санжар Каримов уларнинг уйларини бериб юборади. Ўғлинг фақат шунақа кўрсатма бериши керак. Пулни булар нотариусда олган, деб айтишинг керак”, дейишди.















