Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди, банк омонатлари фоизига 5 фоизлик солиқ жорий этиш таклиф қилинди, мактабларда дарс юкламасини тақсимлашнинг янги тартиби жорий этилади. Шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан Kun.uz дайжестида таништирамиз.
Ўзбекистон ва Қирғизистон иттифоқчилик муносабатларини ўрнатди
Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтаётган олий даражадаги музокаралар давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади.
Музокараларда томонлар савдо ҳажмини яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш, энергетика, транспорт, саноат кооперацияси ва «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли лойиҳасини жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари муносабатларни мувофиқлаштирувчи Давлатлараро кенгаш тузишга келишиб олди. Бу тузилма икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни энг юқори даражада мувофиқлаштирувчи янги механизм бўлади.
Шу билан бирга, давлат раҳбарлари ҳузурида давлат чегараси, «Чашма» булоғидан фойдаланиш, пенсия таъминоти, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга оид қатор икки томонлама ҳужжатлар ҳам алмашилди.
Банк омонатлари фоизига 5 фоизлик солиқ таклиф қилинди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти банк омонатлари бўйича фоиз даромадларига 5 фоизлик солиқ жорий этишни таклиф қилди.
Таклифга кўра, омонатлардан олинадиган фоизлар дивидендлар билан тенглаштирилиб, уларга ҳам 5 фоизлик ставка қўлланиши мумкин. Бунинг учун Солиқ кодексига ўзгартириш киритиш талаб этилади.
Институт ҳисоб-китобича, агар таклиф қабул қилинса, давлат бюджетига йилига қарийб 1,4 триллион сўм қўшимча тушум келиши мумкин.
Мактабларда дарс юкламасини тақсимлаш тартиби ўзгарди
Янги ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқитувчилар ўртасида дарс юкламасини тақсимлашнинг янгиланган тартиби жорий этилади.
Янги тартибга кўра, дарс соатларини тақсимлашда асосий эътибор педагогнинг касбий маҳорати, миллий ёки халқаро сертификатлари ҳамда таълимда эришган натижаларига қаратилади. Шунингдек, устуворлик мезонлари 19 тадан 10 тага қисқартирилган.
Айрим имтиёзли мезонлар бекор қилиниб, барча ўқитувчилар учун тенг имконият яратилади. Янги тизим 2026-2027 ўқув йилидан амал қила бошлайди.
1 августдан “Tашаббусли бюджет”да янги тартиб жорий этилади
1 августдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнида халқ депутатлари кенгашлари депутатларининг ваколатлари кенгаяди.
Янги тартибга кўра, ҳар бир депутат «Очиқ бюджет» порталида ўзига ажратилган маблағлар доирасида бир ёки бир нечта лойиҳани қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилиши мумкин.
Шунингдек, депутатнинг ваколати муддатидан олдин тугатилса, қўшимча ғолиб лойиҳалар тегишли комиссия қарори билан бошқа депутатлар томонидан белгиланади. Янги тартиб аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва депутатларнинг жараёндаги иштирокини кучайтиришга қаратилган.
Тошкентда кекса аёл уйи бўйича жиноят иши қўзғатилди
Тошкент шаҳрида ёлғиз яшовчи 86 ёшли аёлнинг уйи бошқа шахс номига ўтказилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Терговга кўра, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи кекса аёлга тегишли хонадон 2025 йил сентябрь ойида нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида бошқа шахс номига ўтказилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аёл ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англаш қобилиятига эга бўлган-бўлмагани ҳамда фирибгарлик қурбони бўлган бўлиши мумкинлигини текширмоқда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди, яъни жуда кўп миқдордаги фирибгарлик аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эса кекса аёл назоратга олиниб, унга зарур ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.
Ногиронлик нафақаси ва сув қарзини «ҳал қилиб бериш»ни ваъда қилганлар ушланди
Самарқанд, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида коррупцияга оид бир нечта ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар қилди.
Самарқанд ва Хоразмда икки нафар шифокор фуқароларни ногиронлик нафақасига чиқариб беришни ваъда қилиб пул олганликда гумонланмоқда. Уларга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш билан боғлиқ моддалар асосида жиноят ишлари қўзғатилган.
Сирдарё вилоятида эса «Сирдарё сув таъминоти»нинг туман филиали бошлиғи ва ходими ичимлик сувидан қарздорликни пул эвазига ўчириб беришни ваъда қилган вақтида қўлга олинди. Ушбу ҳолат юзасидан пора олиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.










