Президент Администрацияси тўғрисидаги қонун имзоланди. Тадбиркорликни лицензиясиз бошлашга вақтинчалик рухсат бериладиган бўлди. Болага фамилия бериш тартиби ўзгарди. Экстремизм таърифига аниқлик киритилади ва жазо қайта кўриб чиқилади. Тошкентда уй-жой бошқаруви билан боғлиқ йирик фирибгарлик фош этилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Президент Администрацияси тўғрисидаги қонун имзоланди

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонун имзоланди. Қонун билан Администрациянинг амалдаги ваколатлари доирасида Президент фаолиятини таъминлашнинг конституциявий механизмлари ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилди.

Администрациянинг асосий вазифалари сифатида Президентнинг конституциявий ваколатлари амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш; фармон, қарор ва фармойишлари лойиҳаларини ҳамда топшириқларини тайёрлаш, уларнинг ижросини ташкил этиш, назоратини олиб бориш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш; мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга оид янги ташаббусларини ишлаб чиқиш ва бошқалар белгиланди.

Администрация президентга бевосита бўйсунувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва президентга киритади.

Тадбиркорликни лицензиясиз бошлашга вақтинчалик рухсат берилади

Қонунчиликка киритилган қўшимчалар билан лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими доирасида олиш тартиби белгиланди.

Унга кўра, талабгор махсус электрон тизим ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ваколатли органни хабардор қилган ҳолда, тегишли фаолиятни лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз бошлаши мумкин. Махсус режимнинг амал қилиш муддати 3 ой этиб белгиланган. Ушбу даврда талабгор муайян фаолиятни лицензиясиз ёки рухсат берувчи ҳужжатсиз амалга оширгани учун жавобгарликка тортилмайди.

Бироқ тадбиркор 3 ой давомида ўз фаолиятини лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартларига мувофиқлаштириши лозим.

Болага фамилия бериш тартиби ўзгарди

Янги қонун билан Оила кодексининг 69-моддасига ўзгартириш киритилди ва отанинг исмини болага фамилия сифатида берилиши мумкин бўлди.

Шунингдек, ота ёки она томонидан миллий анъаналарга мувофиқ бобосининг исми бўйича ҳам фамилия беришга рухсат этилди.

Аввал амалдаги Оила кодексида отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш назарда тутилмаган эди.

Экстремизм таърифига аниқлик киритилади ва жазо қайта кўриб чиқилади

Сенат маъқуллаган Қонун билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари либераллаштирилмоқда.

Хусусан, бундай ҳаракатларни биринчи марта содир этганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик киритилмоқда, такроран содир этилган тақдирдагина жиноий жавобгарлик юзага келиши қайд этилмоқда.

Шунингдек, «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун такомиллаштирилиб, экстремизм тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда. Шунингдек, қонунчиликдаги «диний экстремизм» атамаси «экстремизм» атамаси билан алмаштирилиб, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ҳуқуқий ёндашув таъминланмоқда.

Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Тошкентда уй-жой бошқаруви билан боғлиқ йирик фирибгарлик фош этилди

Тошкентнинг Учтепа туманида ўзини кўп қаватли уй бошқарув органи раҳбари сифатида кўрсатиб, хонадон эгаларининг йирик миқдордаги маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлик ҳолати фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилганида А.Б. ва М.Б. ўзини гўёки Ватанпарвар маҳалласи ҳудудида жойлашган 29-сонли уйнинг бошқарув органи раҳбари сифатида кўрсатиб келгани аниқланган. Маълум қилинишича, улар мазкур уйдаги хонадонларда яшовчи фуқароларнинг ишончига кириб, жами 574,6 млн сўм маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.