Ўзбекистон | 20:27 / 24.07.2022
29317
5 дақиқада ўқилади

Чўлпонотадаги учрашув, Қорақалпоғистонда янги прокурор, Андижонда янги Tracker — Ўзбекистон ҳафта ичида

Якунланган ҳафта Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммити, Қорақалпоғистонда жорий этилган фавқулодда ҳолат бекор қилиниши, Асакадаги автозаводда янги автомобилнинг конвейердан чиқиши билан ёдда қолди.

Чўлпонотадаги саммит

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳри Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигидаги саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов иштирок этди.

«Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал қилиб келяпмиз», — деди саммитдаги нутқида президент Шавкат Мирзиёев.

Маслаҳат учрашуви доирасида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари «XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги шартномани имзолади.

 

Саммитда Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари раҳбарлари доимий маслаҳатлашувини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда чегара савдо зоналари тизимини яратиш таклифи билан чиқди.

Қорақалпоғистондаги вазият

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесни 20 июлдаги сессиясида Қорақалпоғистондаги фавқулодда ҳолат режимини юмшатиш бўйича президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаш тўғрисида қарор қабул қилди. Президент фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши 2022 йил 21 июл куни соат 05:00 дан бошлаб, муддатидан аввал тугатилди.

 

 

Парламент комиссияси Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганишни давом эттирмоқда. Содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича 1374 қисқа рақамли ишонч телефони ишга туширилди. Шунингдек, бу ҳудудда фавқулодда ҳолат шароитида узиб қўйилган интернет алоқаси тикланди.

Инвестиция дастури доирасида Қорақалпоғистонга ажратилган маблағ 1 триллион сўмгача оширилди.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси сессиясида республикага янги прокурор тайинлангани маълум қилинди. Унга 2016–2017 йилларда Қорақалпоғистон прокурори бўлган Эркабой Тожиев тайинланди.

Иқтисодиёт хабарлари

Вазирлар Маҳкамасининг «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

21 июл куни Марказий банк асосий ставкани белгилаш масаласини кўриб чиқди. Йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз пунктга, йиллик 15 фоиз даражасига туширишга қарор қилинди.

 

Июн ойида Ўзбекистон халқаро захираларининг валюта қисми 157,5 млн долларга, олтин қисми эса 39,8 млн долларга ошгани хабар қилинди.

Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспортидан даромади икки баробардан кўпроққа ошгани маълум қилинди. Хитой январь-июнь ойларида Ўзбекистондан 404 млн долларлик табиий газ сотиб олган.

Автоянгиликлар

Йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта тиклаш учун имтиҳон топшириш тизими бекор қилинди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда уларни имтиҳондан ўтказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топган.

Ўзбекистонда илк бор кроссовер типидаги автомобил тўлиқ циклда ишлаб чиқарила бошланди. Асакадаги автомобил заводида Chevrolet Tracker-2023 автомобилининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Энергетика янгиликлари

Сирдарёда қуввати 1500 мегаваттли янги иссиқлик электр станцияси қурилмоқда. Уни Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси 100 фоиз тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширмоқда. Лойиҳа 2023 йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.

 

 

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида июн ойида бензин ишлаб чиқаришни камайгани завод модернизацияси билан боғлиқлиги маълум қилинди.

Компания, шунингдек, ишлаб чиқарилган маҳсулот 100 фоиз биржага чиқарилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонда электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи регулятор ташкил этилиши кутилмоқда. Махсус «Power Trade» (расман тасдиқланмаган) номли ташкилот ташкил қилинади. Бу эса «Миллий электр тармоқлари» АЖни қўшимча функциялардан озод этади, деган Жамшид Қўчқоров.

Янги ўқув йилига тайёргарлик

Чет тили бўйича сертификатга эга абитуриентларга максимал балл берилиши маълум қилинди.

 

 

Ота-оналар ўз фарзандларини ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг бир синфдан бошқа синфга ўтказиш ҳуқуқига эгалиги маълум қилинди.

Иккинчи ярим йилликда ўтказиладиган педагоглар аттестацияси учун ҳужжатлар қабули 1 августдан бошланади.

Олий таълим муассасасида олинган диплом йўқотилган ё яроқсиз ҳолга келганда ёки исм-фамилиялар ўзгарганида унинг ўрнига дубликатини бериш тартиби белгиланди.

Бошқа муҳим хабарлар

11–16 июл кунлари Фарғонада Ўзбекистон–Тожикистон қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда демаркация ишлари муҳокама қилинди ва умумий чегаранинг демаркация чизиғи лойиҳаси бўйича таклифлар тайёрланди.

ДИИҲБ миссияси хулосалари асосида ЕХҲТ бўлажак республика референдумини кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, формати, давомийлиги ва кузатувчилар таркиби тўғрисида қарор қабул қилади.

18 июл куни Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Ўзбекистонга ташриф билан келди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид