Соҳа бўйича янги суриштирувни бошлаганданоқ бир нарса кўзга ташланди – 2022 йилда Жанубий Кореяга ишга юбориш учун жами 4 та имтиҳон ўтказилган бўлиб, уларнинг иккитаси оммага эълон қилинмай ўтказиб юборилган.

 

Агентликнинг матбуот котибига изоҳ сўраб мурожаат қилдик. У 2022 йилда фақат иккита имтиҳон бўлиб ўтгани, қолган иккитасидан бехабар экани, аммо аниқлаштиришини айтди. Кейин ҳақиқатдан ҳам яна иккита имтиҳон бўлиб ўтганини, фақат улар эълон қилинмасдан ўтказилганини, ҳозирда ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.

Жанубий Кореяга ишга боришга ошиқаётган ватандошларимиз кўплиги ва бу соҳада коррупция борлиги инкор этилмагани боис, шу ҳолатнинг ўзи гумонларни уйғотиш учун етарли.

Энди бу йилги вазият ҳақида.

Kun.uz'га бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, Миграция агентлиги Жанубий Кореяда меҳнат қилиш имкониятини берувчи имтиҳон кунларини жуда кеч эълон қилаётганидан шикоят қилди. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вазиятни ўргандик.

Агентликнинг расмий каналида 9 март куни “имтиҳон яқинда ўтади” деган маънодаги қисқа эълон жойлаштирилган.

Аммо Жанубий Корея томонининг расмий сайтида қайд этилишича, бу йилги имтиҳонлар 14 мартдан 7 апрелгача бўлиб ўтиши керак. Яъни имтиҳонлар бошланишига саноқли кунлар қолганига қарамасдан, адади 10 мингга яқинлашадиган одам иштирок этадиган имтиҳонлар имтиҳон ўтадиган мамлакатнинг ўзида эълон қилинмаган эди.

Kun.uz мухбири 10 март куни соат 16:13 да агентлик матбуот хизмати ходими Ортиқхўжа Норов билан боғланди ва нега ҳалигача талабгорлар имтиҳон кунлари ҳақида огоҳлантирилмагани сабабларини сўради. “Тасодиф”ни қарангки, матбуот котиби билан бўлган суҳбатдан икки дақиқа ўтар-ўтмас агентликнинг Telegram каналида имтиҳонлар 14 мартдан 7 апрелгача оралиқда бўлиб ўтиши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Вазиятнинг ичида бўлган, ҳолатдан хабардор бир неча манбаларнинг айтишича, агентлик томонидан имтиҳон саналари охирги кунларда эълон қилиниши бежиз эмас. Имтиҳон кунларининг имкон қадар кеч эълон қилиниши туман ва шаҳарларда “фаолият” юритувчи, талабгорлардан пул олиб, ишга юборишни ваъда берувчи корчалонлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Кўплаб талабгорлар бехабар қолиб, имтиҳонларга улгурмайди ва бундай вазиятда корчалонлар ўзларининг одамларини “ўтказиб олишлари” осон бўлади.