Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 17-18 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширмоқда. Бу Тожикистон президентининг сўнгги 20 йил ичида илк бор Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишидир.
Қўшни давлат раҳбари ўз ташрифини Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонидан бошлаб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари Кўксаройда тор ва кенг доирадаги музокараларни ўтказишди.
Кўксаройдаги музокаралар

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, одамлар учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама этилди. Бу борадаги қўшимча имкониятларни ишга солишга, ҳудудлар, йирик корхоналар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияларининг кенг таркибдаги музокараларида эса асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.
«Ҳамкорлигимизда ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Шундай ишлашда давом этсак, тез орада товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказамиз. Аслида салоҳиятимиз – камида 1 миллиард доллар», деди Ўзбекистон президенти.
Музокараларда икки мамлакат бизнес тузилмалари ва чегараолди ҳудудлари ўртасида кооперацияни кенгайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тайёр тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ва бошқа товарларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштиришга келишиб олинди. Транспорт ва транзит ташиш, энергетика ва гидроэнергетика, сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шерик давлатлар

Кўксаройда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида икки давлат ўртасида давлатлараро стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди.




















