Ўзбекистонда Peugeot ва Citroen автомобиллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши ҳақидаги илк хабар 2017 йил майида пайдо бўлганди. Ўша йилнинг 16 май куни «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти Франциянинг «Peugeot Citroen Automobiles S.А» компанияси билан масъулияти чекланган жамият шаклида, устав жамғармаси, эквиваленти 29,3 млн евро миқдоридаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланганини маълум қилганди.

Кўп ўтмасдан, 2017 йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев «Хорижий инвестициялар иштирокидаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» корхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини имзолади.

Қарорда «Жиззах» эркин индустриал зона ҳудудида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш объектларини қуриш учун «Ўзавтосаноат»га 45 гектар ер майдони ажратиш¸ лойиҳа иштирокчилари бўлган, заводни қуришга тендерсиз танланган «Avtosanoat-Injiniring» МЧЖ, «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ, «12-трест» МЧЖ ҳамда «Ўзавтосаноат»га қатор солиқ (қурилиш даврида ишлар ҳажми ва хизматлар бўйича қўшимча қиймат солиғидан озод этиш) ва божхона имтиëзлари тақдим этилганди. 

Умумий қиймати 133,3 млн еврога тенг деб эълон қилинган «Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳаси бўйича 2017 йилнинг июлида Шароф Рашидов туманидаги «Жиззах» эркин иқтисодий ҳудудида завод қурилиши бошланди (Дастлаб қурилиш ишларини 2019 йилнинг бошида якунлаш режалаштирилганди, кейинроқ президент топшириғига кўра қурилиш ишларининг охирги муддати сифатида 2018 йилнинг 10 декабри белгиланди).

Лойиҳа бўйича, қўшма корхонада йилига 16 минг дона йўловчилар ва юкларни ташишга мўлжалланган енгил тижорат автомобиллари (13 минг дона Peugeot Expert ва 3 минг дона Peugeot Boxer енгил тижорий автомобиллари) ишлаб чиқариш кўзда тутилганди.

Бу лойиҳа ҳақида кейинги бир йил давомида бот-бот материаллар берилди. Сайтларда «Peugeot» сўзи қидирувга берилганда шундай хабарлар чиқиб келади: