Туркияда жиноий иш билан шуғулланаётган прокурорга босим ўтказилиши мумкин эмас. Ҳар бир иш қонун доирасида олиб борилади. Туркиялик адвокат Анна Ўзэл Kun.uz мухбирига интервьюси давомида шундай фикрларни билдирди.

Ўзбекистонлик Нодира Қодирова иши юзасидан Туркия матбуотида турли хабарлар пайдо бўлмоқда. Kun.uz мухбири ушбу жиноий иш билан боғлиқ суриштирув-тергов жараёни қандай бораётгани билан танишиш мақсадида Туркия Республикасида бўлиб, Анқара шаҳри бош прокурори Юксел Кожаман ва мазкур иш билан биринчилардан бўлиб танишган адвокат Анна Ўзэл билан учрашди.

«Мен 4 йилдан буён Туркияда адвокатлик фаолияти билан шуғулланаман. Юридик фанлари магистриман. Нодира Қодирова иши билан биринчилардан бўлиб танишган адвокатлардан бири ҳисобланаман», - дейди Анна Ўзэл.

У мазкур иш ҳақида Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчихонасидан хабар топган. Унинг айтишича, мазкур жиноий иш билан шуғулланаётган прокурор жиноий иш доирасида ўз жонига суиқасд, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёхуд қасддан қотиллик бўйича эҳтимолларни кўриб чиқаётганини билдирган.

Анна Ўзэл

«Мен ушбу иш ҳақида Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонасидан хабар топдим. Элчихона бу ишни махсус назоратига олган. Иш билан танишиш асносида прокурорнинг менга тушунтиришича, турли тахминлар бўйича иш олиб борилмоқда. Булар ўз жонига суиқасд, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёхуд қасддан қотиллик. Прокуратура ишни Туркия қонунчилиги доирасида олиб бормоқда. Тергов ишлари олиб борилмоқда», - деди адвокат.

У, шунингдек, турли нашрларда пайдо бўлаётган хабарлар, жумладан, Нодира Қодирова мурдаси экспертиза қилинмаганига оид хабарларга изоҳ берди.

«Мен иш билан шахсан танишдим. Мен кўрганимда жиноий иш тўплами 200 саҳифалар атрофида эди. Прокурор яхши ишламоқда. Экспертиза ўтказиш учун марҳум жасадидан намуналар олинган ва суд-тиббий экспертизага топширилган. Таҳлил натижалари тайёрланади», - дея таъкидлади Ўзэл.

Адвокат турк қонунчилиги бўйича тергов жараёни қанча муддат давом этиши мумкинлигига доир саволга ҳам ойдинлик киритди.