Суҳбатдошнинг айтишича, Олот туманининг Туркманистон билан чегарадош ҳудудларида ишлайдиган одамлар кўп. Улар, асосан, чегарадаги насос станцияларида ва чегара постларида ишлашади. Насос станциялари ва чегара постлари ишчилари чегарада бўрон туриши билан уйдагиларини 5-10 дақиқа олдин огоҳлантиришга улгурган.

«Лекин агар, масалан, кучли шамол Туркманистонда бошлангандан кейин ярим соат олдинроқ Бухоро ҳам огоҳлантирилганда, талафот камроқ кузатиларди. Одамлар машиналарини четга олишга, ўзлари ҳам хавфсизроқ ерга ўтиб олишга улгуришган бўларди, назаримда», – дейди у.

«Бўрон фавқулодда кучли эди»

– 27 апрель куни кўтарилган бўрон анча кучли эди. Жуд кўп уйларнинг томидаги шиферлар учиб кетди, дарахтлар, симёғочлар қулади, қишлоқ хўжалиги катта зарар кўрди.

ОАВларда тарқалган наъмунавий уйларнинг суратларига қараб кўпчилик фақат уларнинг томига зиён етган, деган фикрга борди, ижтимоий тармоқлар орқали уларни қурганлар танқид қилинди. Лекин шамол жуда кучли эди, тумандаги деярли барча уйларнинг том ва бошқа қисмларига маълум даражада зиён этди. Бундан ташқари, шамол билан бирга келган ёмғир қум ва тупроқ билан қўшилиб, биноларнинг фасад қисмини ҳам зарарлади.

Бўрондан кейинги кун туман шифохонасига борган бир аёл кучли шамол уни жуда тез итариб ариққа йиқитиб юборганини айтган. Оқибатда эса қўли шикастланган.

Қўшнимизнинг ҳовлисига эса шамол чўлдан ёввойи қуённи учириб келган, хонадонларда тошбақалар кўпайиб қолди. Улар, эҳтимол, чўл ҳудудидан келиб қолган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, жуда мустаҳкам дарахтларнинг ҳам қулаб тушганини кўрган одам бўрон кучига баҳо бериши мумкин.

1 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар жароҳат олган: Бухородаги кучли шамол оқибатлари бўйича маълумот берилди

Ахборот олиш имкони йўқлиги миш-мишлар тарқалишига замин яратди

– Бўрон натижасида электр узилиши, мобил алоқа операторларининг ишламай қолиши вазияти юзага келди. Оқибатда эса миш-миш тарқалиши учун вакуум пайдо бўлди. Яъни сиз қўшнингиз берган ахборотдан бошқасини билолмайсиз. Бошқа ахборот олиш танлови бўлмагани учун одамларда бошқа шахсдан эшитган ахборотига ишониш эҳтимоли ҳам ошиб кетди.