Ўзи нима гап?

Гап шундаки, ўтган йили парламентда 2020 йилги давлат бюджети харажатлари муҳокама қилинганда, мамлакатдаги ижтимоий объектлар, хусусан, мактаб, боғча ва тиббиёт муассасалари тезкор интернет билан таъминлаш бўйича режалар ва бюджетда бунинг учун кўзда тутилаётган харажатлар тақсимоти кўриб чиқилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида 2019 йил охиригача мактабларнинг 4152таси (40 фоиз) интернет билан таъминланиши, 2020 йилда эса 4367та, 2021 йилда қолган 1600та мактабга оптик толали интернет етиб бориши режалаштирилгани маълум қилинган эди.

Депутат Расул Кушербаев ўша пайтда мактабларнинг атиги 31 фоизи оптик толали интернет билан таъминланганига эътибор қаратиб, 2020 йилга мўлжалланган давлат бюджетида бу кўрсаткични 100 фоизга етказишни таклиф қилганди.

Молия вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Нодир Муслиддинов депутатнинг сўзларига жавобан 2020 йилда умумтаълим мактабларининг интернет харажатларини қоплаш учун 4,4 млрд сўм ажратиш кўзда тутилгани, 2020 йилда мактабларни тўлиқ интернет билан қамраб олиш учун қўшимча харажатлар талаб этилса, Молия вазирлиги бу маблағни топиб бериши, бу масалада муаммо бўлмаслигини айтганди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Баҳромжон Олматов 1600та мактабни интернет билан таъминлаш бўйича 2021 йилга режалаштирилган масалани қайта кўриб чиқиб, 2020 йилнинг ўзида барча мактабларга оптик толали алоқа линияларини етказиб бериш учун барча имкониятлар ишга солинишини маълум қилганди.

Энг қизиғи, парламент муҳокамасига қадар Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов октябрь ойида Москвада бўлиб ўтган «Очиқ инновациялар-2019» форумида 2020 йил охиригача мамлакатдаги барча мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт муассасалари оптик толали интернет билан қамраб олинишини айтганди. Бироқ ҳукумат раҳбарининг сўзлари 2020 йилда қилиниши режалаштирилган бюджет харажатларига мос келмаган. Бундан келиб чиқадики, мутасаддилар бош вазирнинг халқаро майдондаги чиқишидан ёки бехабар бўлишган ёки «Очиқ инновациялар-2019» форумидаги ваъда номигагина берилган. Ҳукумат раҳбари ва аъзолари ўртасидаги «тушунмовчилик»ка бундан бошқача изоҳ бериб бўлмайди.