Жазони ижро этиш муассасаларида, тергов изоляторларида, махсус ҳибсхоналарда қийноққа солиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 2017 йилда 7та, 2018 йилда 10та, 2019 йилда 16та қийноққа солиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратурада 29 май куни бўлиб ўтган брифингда Kun.uz мухбири мутасаддилар хизмат мавқеидан фойдаланиб жиноят изларини яшириши ёхуд танада из қолдирмайдиган усуллардан фойдаланиши мумкинлигига эътибор қаратиб, масъул ходимлар ва ушлаб турилган шахсларнинг мавқеи қачон тенглаштирилиши билан қизиқди.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг айтишича, қийноқ билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбдорлиги исботланиб, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилган шахсларнинг аксарияти ИИВ ва ДХХ ходимларидир.

“Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ҳар бир идоранинг тергови устидаги назорати прокурор зиммасига юклатилган. Тергов хибсхоналарида маҳкумнинг ҳуқуқлари бузилса, дейлик, унга ўз вақтида адвокатдан фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилмаса, кўрсатма олиш вақтида кузатув мосламаларини ўчириб қўйиш ҳолатлари кузатилса ёхуд ушлаб турилган шахслар ва маҳкумларнинг ҳуқуқлари бошқача кўринишда таҳқирланса, прокуратура органлари томонидан албатта жиноят иши қўзғатилади. Бундай тоифадаги жиноят ишлари терговини прокуратура амалга оширади ва ишни албатта судга оширади.

Мен қанчаси ўз тасдиғини топиб, судга оширилгани билан боғлиқ рақамларни ҳам айтдим. Қонуний кучга кирган ҳукмлар ҳам мавжуд. Ҳатто битта ҳолатни ҳам фавқулодда вазият деб қабул қилишимиз керак. Ким мурожаат қилган бўлса, уни ҳаққоний ёзиш керак.

Светлана Ортиқова

Хабаринглар бор, яқинда суд жараёни даврида бир гуруҳ шахслар қийноққа солинди деб адвокатлар ҳам чиқди, жиноий жавобгарликка тортилган шахслар ҳам чиқди. Дарҳол тезкор-қидирув гуруҳи ташкил қилиниб, ўша фактлар текширилди. Ҳаттоки саратон касаллигига чалингани қийноқ ҳолати билан боғлиқ бўлмагани аниқланиб, фактлар ўз исботини топмади. Агар фактлар ўз исботини топса, ким бўлиши, қайси лавозимга эгалигидан қатъи назар, у албатта жавобгарликка тортилади. Жамият, халқ олдида кейинчалик ҳам мана шу тоифадаги лавозимларга эга бўлмайди. Ўшандай шахслар тизимга қайта кирмайди”, дея Светлана Ортиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.