ИИВ Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошевга кўра, Ўзбекистонда сўнгги олти йилда жазони ижро этиш муассасаларидан бирорта ҳам маҳкум қочмаган.
“Жазони ижро этиш муассасаларининг ўзи учга бўлинади: тергов ҳибсхонаси, ёпиқ турдаги колония ва манзил колония. 18 та ёпиқ турдаги колонияга рухсатсиз кириш ҳам, чиқиш ҳам мумкин эмас. Ушбу муассасалар қатъий қўриқланади ва шу боис у ердан маҳкумларнинг қочиши билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган.
Манзил колония бу – очиқ, девори қўриқланмайдиган жой. Манзил колонияларда сақланаётган маҳкумлар очиқликда бўлади, оддий фуқаролар билан бирга бўлади, улар бемалол ишлаши мумкин. Манзил колониядан қочиш жиноят эмас, балки тартиббузарлик ҳисобланади. Бундай турдаги тартиббузарлик учун маҳкумлар манзил колониядан ёпиқ турдаги колонияга кўчирилади.
Бугунгача суд томонидан тайинланган жазони ўташдан қочишга уринганларнинг барчаси манзил колонияларида сақланаётган маҳкумлар ҳисобланади”, дейди Зойир Йўлдошев.
ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, Ўзбекистонда 54 та жазони ижро этиш муассасаси мавжуд. Шундан 11 таси тергов ҳибсхоналари, 25 таси манзил колония ва 18 таси ёпиқ турдаги жазони ижро этиш колониялари ҳисобланади.
Қайд этилишича, айни пайтда республикадаги барча жазони ижро этиш муассасаларида 27 мингга яқин маҳкум сақланмоқда. 2022 йилда бу кўрсаткич 29 мингдан ортиқни, 2021 йилда 27,5 минг, 2020 йилда 22,9 минг нафарни ташкил этганди.
Жиноят ижроия кодексига кўра, жазони ижро этиш муассасалари жумласига жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан, даволаш ҳуқуқи асосидаги колониялар, тарбия колониялари, турмалар, маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар киради.
Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари вазифасини бажаради. Ўз навбатида жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади ҳамда вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган. Тарбия колониялари эса вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.















