15 июль куни видеоселектор режимида ўтказилган Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш, тергов сифатини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалаларига эътибор қаратди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
“Бу борада эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга, мавжуд муаммолар ва йўл қўйилаётган хато-камчиликларни кескин танқид остига олди”, дейилади идора матбуот хизмати хабарида.
Бироқ Бош прокурор айнан қандай камчиликларни танқид қилгани, танқидга учраган масъулларга қандай чора кўрилиши, бундан кейин ушбу йўналишда нима ўзгаришлар бўлиши жамоатчиликка очиқланмаган. Расмий релизда бу ҳақда лом-мим дейилмаган.
Бундан ташқари, ҳайъат йиғилишида судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича ҳам тегишли топшириқлар берилган.

“Бу борада янги тузилган Ихтисослашган прокурорлар корпуси ҳамда мураккаб ишлар бўйича қонуний ечим топишга кўмаклашувчи Маслаҳат кенгашлари фаолияти таҳлил қилиниб, иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар белгиланди”, дейилади расмий хабарда.
Ўта силлиқ ва қуруқ расмий релизда яна Бош прокурор суд ишига асоссиз аралашув деганда қайси ҳолатларни назарда тутгани-ю, ноқонуний суд қарорлари деганда нимани тушуниш кераклиги мавҳумлича қолган. Ҳолбуки авваллари танқидлар аниқ мисоллар орқали изоҳланар ва ўқувчи гап нима ҳақида кетаётганини осонгина англаб олиши мумкин эди.
Кези келганда, Бош прокуратура матбуот хизмати кейинги пайтда ўқувчига айтарли ҳеч қандай маълумот бермайдиган баёнотлар беришнинг ҳадисини олганини, илгаригидан фарқли ўлароқ ёпилиб олганини таъкидлаш ўринли назаримизда.
Ниғматилла Йўлдошев Бош прокурор этиб тайинланган илк пайтларда ҳайъат йиғилишларида шов-шувли жиноятлар ва рақамлар очиқланган, жамоатчилик бу очиқликни Бош прокуратурага муносиб номзод тайинлангани билан изоҳлаганди.
















