Ортда қолаётган ҳафта давомида мамлакатимизда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар шарҳи билан Kun.uz дайжестида танишинг.

Умра зиёратига оид янгиликлар

Энди Ўзбекистон фуқаролари ҳам Саудия Арабистонига кириш учун электрон виза олиши мумкин. Подшоҳлик туризм вазирлигининг маълум қилишича, фуқароларига электрон тарзда виза бериладиган давлатлар рўйхатига 8 та мамлакат, хусусан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қўшилган.

Бу дегани, эндиликда Саудияга бормоқчи бўлган ватандошларимиз турфирмаларга мурожаат қилиб ўтирмай, ўзлари мустақил тарзда электрон виза расмийлаштириб олиши мумкин. Бундан ташқари, визани Саудия Арабистонига борган пайтда аэропортнинг ўзида ҳам расмийлаштирса бўлади. Виза учун тўлов миқдори чегарада олинса 480 риёл, онлайн олинса 535 риёл деб белгиланган. Бу тахминан 126-142 долларга тўғри келади.

Кириш рухсатининг бу тури мултивиза бўлгани учун уни олганлар 1 йил давомида сайёҳ сифатида Саудияга кўп маротаба кириб-чиқиш ҳуқуқига эга бўлади. Асосий шарти – 1 йил ичида Арабистон ҳудудида бўлишнинг жами муддати 90 кундан ошмаслиги керак. Бу вақт давомида мамлакатда саёҳат қилиш, шунингдек, Умра ибодатларини амалга ошириш мумкин. Электрон виза Ҳаж зиёратини қилиш ҳуқуқини бермайди.

Ўзбекистоннинг ўзида эса Умра зиёратларини ташкил қилишдаги давлат монополияси расман бекор қилинди. Бу борада турфирмаларга бирмунча вақт олдин берилган рухсат норасмий характерга эга бўлиб қолаётган эди. 8 августдаги ҳукумат қарорига асосан, Умра хизматлари фақат маҳаллий туроператорлар томонидан кўрсатилиши белгиланди. Қарорда “фақат” сўзининг ишлатилгани Дин ишлари бўйича қўмита бу бозордан чиқиб кетганини англатади.

Шу билан бирга, Умра зиёратини ташкил қиладиган турфирмалар учун лицензион талаблар ҳам белгиланди. Хусусан, улар Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига камида 100 минг доллар маблағни захира қилиб қўйиши, диний соҳада дипломга эга камида битта ходимга эга бўлиши, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мутахассисларини тайинлаши керак. 1 октябрдан кучга кирадиган бу янги қоидалар қаторида, шунингдек, вояга етмаган фуқароларга Умра хизматини кўрсатмаслик талаби ҳам бор.

Сўм девалвацияси