Бир неча ўн йиллар олдин катта таъсирга эга бўлиб, кейин куч тузилмалари томонидан тийиб қўйилган кўча жиноий гуруҳлари сўнгги вақтларда яна фаоллашиб қолгани маълум бўлмоқда. Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистонда жиноят оламининг ўнлаб вакиллари қўлга олиниб, улар устидан тергов ҳаракатлари бошланди.
Кўча зўравонлари ҳибсга олинаётгани ҳақидаги хабарлар интернетда илк марта 28 ноябрда пайдо бўлганди. Ўша куни Тошкентда “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев исмли шахс қўлга олинган. Пойтахт ички ишлар бош бошқармасига кўра, у жуда кўп миқдордаги товламачилик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларда айбланмоқда.
52 ёшли Қудратуллаев билан бирга, 43 ёшли Дилшод Шарипов ва 51 ёшли Анвар Мирзохонов исмли шахслар ҳам товламачиликда гумонланиб ҳибсга олинган. “Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли орқали пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган”, – дейилади ички ишлар бошқармаси ахборотида.

Қудратуллаев билан “яқин жиноий алоқада бўлгани” айтилаётган Достон Халилов исмли шахс эса Фарғонада қўлга олинди. У Қирғизистонга қочиб ўтмоқчи бўлган пайт, “Дўстлик” чегара постида ушланган, унга нисбатан безорилик моддаси билан жиноят иши очилган.

Айни пайтда, Тошкентда “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган 36 ёшли Саидазиз Саидалиев ва унинг шериклари ҳам қамоққа олинган.
Расмийларга кўра, у спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига тўплаб, қатор жиноятларни содир этган. Хусусан, қарз берган одамларга пул эвазига ёлланиб, қарздорларга таҳдид қилиш йўли билан маблағ ундириш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидан.




















