Azon вақфи кенгаши раиси ва Azon Global ахборот-таҳлилий портали асосчиси, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган таниқли диний уламо Алишер Турсунов жорий йил 8 май куни Истанбулдаги ўз уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган. Бу ҳақда диний олимнинг ўзига тегишли Azon Global нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, шу куннинг ўзида адвокатлар иштирокида дастлабки суриштирув ўтказилди. Адвокатларга билдирилган охирги маълумотга кўра, суриштирувдан сўнг Мубашшир Аҳмад Истанбулдаги Депортация марказига (Geri Gönderme Merkezi – GGM) ўтказилиши, эртасига – 9 май куни у ердан қўйиб юборилиши керак эди.

«Аммо орадан 4 кун ўтган бўлса-да, Иммиграция бошқармаси (Göç İdaresi) домланинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни ҳақида адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Ваҳоланки, Туркия қонунчилигига кўра, назоратда ушлаб турилган шахснинг оиласига бу ҳақида маълумот берилиши, унинг ўзига ҳам яқинлари билан мулоқот қилишга изн этилиши белгилаб қўйилган.

Ҳозиргача ҳатто адвокатлари ҳам домладан бирор хабар ололмаётганидан, ақалли қаерда сақланаётганини ҳам билолмаётганидан оиласи ва яқинлари асосли равишда хавотирга тушмоқда. Боиси, устоз Мубашшир Аҳмад узоқ йиллардан бери қандли диабет ва юқори қон босимидан азият чекиб келади ҳамда мунтазам равишда инсулин ва бошқа дорилар қабул қилишга мажбур», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, нашр бу масалада янгилик бўлиши билан жамоатчиликни хабардор қилишини ёзган ҳамда тарқалиши мумкин бўлган ҳар қандай асоссиз хабарларга эътибор бермасликни сўраган.

Ҳозирча Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхона ҳолат юзасидан муносабат бермади. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Kun.uz’га берган изоҳида ҳолатга аниқлик киритиб, маълумот беришини билдирди.

Туркиялик адвокат ва қочоқлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Иброҳим Эргиннинг ёзишича, Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга депорт қилинган бўлиши мумкин. Уни 9 май куниёқ шошилинч тарзда депортация қилишмоқчи бўлишган, лекин жамоатчилик аралашуви туфайли Эдирнега жўнатилган.