2024 йил Ўзбекистонда молиявий пирамидалар йили бўлди десак хато эмас: йил одамларни powerbank ижарасига пул тикиш орқали катта даромад олишга ишонтирган “Parker” молиявий пирамидаси билан бошланган бўлса, видео кўриш орқали пул топишни тарғиб қилган HNK медиа компанияси билан якунига етди. Бу орада ўзбекистонликлар қуёш панелларига пул тикишга чақирилган “Sun Eco”, видео кўриш орқали пул ишлаш айтилган Whats ва Aif, табиат ғамхўри ниқобидаги “Blue culture”, совға улашувчи “Дари получай” каби молиявий пирамидаларга чув тушди. Ҳатто уларнинг “хизматларини” телеканал ва газеталар, маҳалла раиси, таълим муассасалари раҳбарлари ҳам фаол тарғиб қилишга киришди. Бунинг оқибатида эса минглаб ўзбекистонликлар ушбу лойиҳаларга пул тикиб, чув тушди.

Бу каби молиявий пирамидалар ва пул эвазига маълум бир ишни осон бажариб бериш ваъдасига асосланган турли фирибгарликлар ҳамон давом этмоқда.

Masdar’ни ниқоб қилганлар

Йил бошида қуёш панеллари билан боғлиқ “Sun Eco” номли молиявий пирамида пайдо бўлганди. Masdar лойиҳаси ҳам қуёш панеллари билан боғлиқ.