Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифидан сўнг мамлакатга қайтиб келди. Қуйида ушбу тарихий ташриф нималар билан ёдда қолганини эслаб ўтамиз.

22 ноябрь куни Сеул халқаро аэропортида Ўзбекистон президенти шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қаровул саф тортди. Давлат раҳбарини Корея Республикасининг расмий шахслари кутиб олди.

Фото: Президент матбуот маркази

Мирзиёев 23 ноябрь куни икки мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокидаги Жанубий Корея –Ўзбекистон  бизнес-форумида қатнашди. Президент сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб бораётгани, Ўзбекистонда бизнес юритиш учун етарли шароит ва имкониятлар яратилаётганини қайд этди, Ўзбекистон Корея Республикаси бизнес вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот маркази

Шавкат Мирзиёев форумда қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси вакилларига мурожаат қилган. Президент вазирлар, компаниялар, банклар ва ташкилотларнинг раҳбарларини бирма-бир тургизиб, уларга топшириқлар берган. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқот қилишдаги халқчил услуби мезбонларда катта таассурот қолдирди. «Биз сиздан шундай, раҳбар ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот услубини ўрганамиз. Бугун сиз бизга мастер-класс ўтдингиз», деган Корея делегацияси вакилларидан бири.