Kun.uz сайти юртдошларимиздан келган мурожаатлар, мунозараларга сабаб бўлаётган мавзулар юзасидан мақолалар, журналистик суриштирувларни мунтазам ёритиб келади. Мақолалар сайтда эълон қилинганидан кейин одатда янада кўпроқ муҳокамалар бошланади, турли-туман фикрлар билдирилади, керакли чоралар кўрилади.
Аммо ҳар доим ҳам кўзланган натижаларга эришиладими? Мақолалар, журналистик суриштирувларда тилга олинган муаммолар ўз ечимини топадими? Мутасадди ташкилотлар бунинг учун нималар қилишмоқда?
Номи дастлаб ғалати туйилиши мумкин бўлган «Нимага эришдик?» деб номланган янги лойиҳа орқали айнан шу саволларга жавоб топиш ниятидамиз.
Демак, 2020 йилнинг ўтган икки ойидаги энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган журналистик суриштирувларнинг айрим натижаларини таҳлил қилиб чиқамиз.
Ёдингизда бўлса, 11 февраль куни «Қонунан тақиқ йўқ. Аммо умра учун виза ололмаяпмиз». Хусусий турфирмаларнинг вакиллари соҳадаги монополия зарарлари ҳақида» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинганди. Унда умра визаси олишда, бундай хизматларни тақдим этишда нодавлат турфирмалар дуч келаётган муаммолар батафсил ёритилганди.
Қизиғи, бу тасодифми, ёки сайтда чиққан мақола сабабми, Дин ишлари қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан 11 февраль куни Ҳаж ва Умра масалаларига оид матбуот анжумани уюштирилди. Шунингдек, қўмита ва идора айни шу масалада Kun.uz саволларига батафсил жавоб қайтарди. Балки бу жавоблардан кимдир қониқмагандир, аммо Дин ишлари қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг очиқлик сари қадамини таъкидламай илож йўқ. Чунки бу ташкилотлардан узоқ йиллар давомида маълумот олиш анча мушкул эди, энди ҳаммаси ижобий томонга ўзгармоқда, дейиш мумкин.










