Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди. 16 март куни ҳолатига коронавирус билан касалланганлар сони 6 нафарни ташкил қилди. Ҳукумат вирус тарқалишининг олдини олишга доир тегишли чора-тадбирлар кўришни бошлади. Ушбу инфекция қай даражада хавфли бўлмасин, уни енгишда хотиржамликни сақлай билиш муҳим.

Ижтимоий тармоқларда коронавируснинг Ўзбекистонга кириши билан боғлиқ юзага келган вазият юзасидан саволлар муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz ана шу саволларга мутасаддилардан жавоб топишга ҳаракат қилди.

1-савол. Карантин сабаб боласи боғчага бормаганлар ишга чиқадими?

Ҳозир кўпчиликни шу савол ҳам қийнамоқда. Яъни боғча-мактаблар ёпилди, ишлайдиган ота-оналар нима қилади? Боласини кимга ташлайди, ишга бормаса ҳам бўладими?

Қонунчиликка кўра, карантинда болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин 14 календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. 

Карантинда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаларининг рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилиши мумкин.

2-савол. Карантин сабабли озиқ-овқат тақчиллиги бўлмайдими?

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан аҳолида туғилаётган савол бўйича баёнот берди.