Вилоят ҳокими бўйруғи билан залдан олиб чиқиб кетилаётган Умида Турсунова / Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот

Бир ўйлаб кўринг: Сурхондарё вилояти ҳокими раислигида, мактаб директорлари иштирокида ўтказилган ўша йиғилиш видеоси тарқамаганда нима бўларди?

Ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаганини рўкач қилиб, агар ёмон кўрсаларинг «милтиқ билан отиб ташланглар» дея вилоят ва туман раҳбарларига эътироз билдирган Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова қамоққа ташланганидан бехабар қолар эдик. Бу – аниқ!

Эҳтимол, директорни жазолаш бу қамоқ жазоси билангина кифояланилмас, у янада қатъийроқ жазоларга, балким турли босимлар ва ҳатто қийноқларга ҳам гирифтор бўларди.

Умида Турсунованинг ўзи кейинчалик бу борада юзлаб видеомурожаатлар қилиб чиққанида ҳам унга ҳеч ким эътибор бермасди, чунки интернетда бу директорни негатив характерловчи маълумотлар тиқилиб ётибди.

Қойил қолиш керак: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан тасвирга олинган (мажлисга киришдан олдин директорларнинг телефонлари олиб қўйилган – нега?!), судга тақдим этилган ва судда директорни қамаш учун ашёвий далил бўлиши керак бўлган видео алалоқибатда директор аёлнинг жонига ора кирмоқда.

Ўзи вилоят ҳокими мактаб директорлари билан мажлис қилиб ўтириши қанчалик тўғри? — деган савол туғилмоқда кўпчиликда.

Сариосиёдаги бу йиғилиш вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 2023/24 ўқув йилига тайёргарлик мавзусида ўтган, яъни мактабларнинг таъмири масаласида.

Мактабларни таъмирлаш учун маҳаллий ҳокимликлар масъул. Йиғилиш Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил қилинган. Демак, шу мавзудаги йиғилишда ҳокимларнинг иштирок этиши ўринли эди, деган фикрга кўнамиз, майли.

12-мактабда ўтказилган йиғилишдан лавҳа / Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Аммо ўша йиғилишда турли туманлардаги айрим директорлар янги ўқув йилига етарли тайёргарлик кўрмагани учун ишдан олинганидан ҳам хабаримиз бор.