Президентнинг туркий давлатларга ташрифи, олийгоҳларга мандат натижалари, Президент администрациясида янги тайинловлар, тортилиб қолган метан газ — ортда қолган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Президент администрациясида янги тайинловлар амалга оширилди

Саида Мирзиёева Ўзбекистон президенти ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Шунингдек, Азиз Мағрупов ҳам янгиланган таркибда президент ёрдамчиси лавозимини сақлаб қолган.

Фармонга кўра, иккита ёрдамчи лавозими тузилган, олти нафар маслаҳатчи лавозими қайта ташкил этилган, шунингдек олтита департамент тузилган. Администрация раҳбари ўринбосари лавозимлари тугатилган.

Номларга эътибор қаратадиган бўлсак, Шуҳрат Ғаниев ва Дониёр Қодиров президент маслаҳатчиларига айланди. Бунгача президент маслаҳатчиси бўлган Одил Абдураҳмонов департаментга раҳбар бўлди, президент маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоевга ҳам алоҳида департамент раҳбарлиги берилди.

Шунингдек, кўп йиллар энергетика соҳаларини бошқарган Алишер Султонов президентнинг энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига, Комил Алламжонов эса Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимига тайинланди.

Венгрия ва Озарбойжон сафарлари

Ўтган ҳафта охирида Венгрияга амалий ташриф билан борган Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди.

20 август кунидан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган муҳим воқеа бўлиши таъкидланди.

Будапешт шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ҳам учрашди. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.