Ортда қолаётган ҳафта давомида мамлакатимизда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар шарҳи билан Kun.uz дайжестида танишинг.

700 минг бола учун биринчи қўнғироқ чалинди

Ҳафта таълим даргоҳларида ёзги таътил тугаб, янги ўқув йилининг старт олиши билан бошланди. 4 сентябр куни Ўзбекистон бўйлаб 700 мингдан ортиқ бола 1-синфга қадам қўйди. Уларга берилган 12 турдаги ўқув анжомларидан иборат президент совғаси тўплами аввалгилардан бироз фарқ қилади. Совғалар олдингидек қиз ва ўғил болаларга алоҳида эмас, балки уларнинг иккаласига ҳам мос тушадиган ранг ва дизайнда ишлаб чиқилган.

Бу йил мактаб битирувчилари сони 400 минг, 1-синфга қабул қилинганлар эса 700 мингдан ортиқ бўлгани ҳисобига, мактаб ўқувчилари сони 300 минг нафарга кўпайиб, жами 6,5 миллион нафардан ошди. Болалар ҳафта давомида мактабларида қизиқ бир ўзгаришга дуч келди: мактабларда чет эллик ўқитувчилар пайдо бўлди. Инглиз тилини ўқитишни кучайтириш мақсадида бу йил тил эгалари бўлган 500 нафар хорижлик педагог халқ таълими тизимига жалб этиляпти. Келаси йил яна 1,5 минг нафар шундай мутахассис олиб келиниши кўзда тутилган.

Янги ўқув йилини кўтаринки руҳда бошлаш учун студентларда ҳам сабаб йўқ эмас. Давлат олийгоҳларида барча босқич талабалари учун тўлов-контракт миқдори оширилмайдиган бўлди. 1-курслар учун супер-контракт миқдорлари ҳам ўзгаришсиз қолди. Етарли балл тўплай олмаганлар оширилган суммани 15 октябргача тўлиқ тўласа, 10 фоиз чегирмага ҳам эга бўлади. Тиббиёт олийгоҳларида супер-контрактни олиб ташлаш бўйича янгилик бўлмади, афтидан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борадаги таклифи инобатга олинмаганга ўхшайди