Пул ўтказмаларида Россиянинг улуши қисқармоқда

Ўзбекистонда уй хўжаликларининг Россиядан пул ўтказмаларига боғлиқлиги камайишда давом этяпти. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг маълум қилишича, йилнинг 1-чорагида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари таркибида Россиянинг улуши сезиларли қисқариб, 68 фоизгача тушган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2022 йил якунларига кўра 87 фоиз бўлган, 2023 йилда эса 78 фоизгача камайган.

Жаҳон банки экспертларига кўра, бундай тенденция Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сонининг камайиши, рублнинг сўмга нисбатан қадрсизланиши ва Россияда инфляция тезлашиши билан боғлиқ.

Бу тенденция билан бирга, пул ўтказмаларининг умумий ҳажми ҳам ошяпти. 1-чоракда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга 2,5 млрд доллар пул жўнатилган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга кўп. Маълумот учун, 2023 йил давомида хориждан пул ўтказмаларининг умумий ҳажми 11,4 млрд долларни ташкил қилган.

Иқтисодий тенденциялар

Душанба куни АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси илк марта 12700 сўмдан ошди. Йил бошидан ҳисоблаганда сўм долларга нисбатан 2,6 фоизга қадрсизланди. Бу борада изоҳ берган Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг сўзларига кўра, охирги ойларда доллар курсининг нисбатан тезроқ ошгани талаб ва таклиф мувозанати билан боғлиқ. Хусусан, биринчи чоракда хорижий валютага бўлган талаб 17 фоизга ошган. Ва бу талабнинг ҳаммаси ҳам импорт билан боғлиқ эмас. “Масалан, ташқи қарзлар бўйича тўловларимиз ўтган чоракка нисбатан 34 млн долларга ўсди”, деди Мамаризо Нурмуродов. Маълумот учун, 2024 йилги давлат бюджети қонунига кўра, бу йил давлат қарзларини сўндириш харажатлари салкам 70 фоизга ошади