Президент фармони билан одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилди. Шунингдек, Миграция агентлигида амалда ишламаган ходимларга қарийб 1 миллиард сўм иш ҳақи тўлангани аниқланди, Тошкентда эса кешбэк тизими орқали 4,7 миллиард сўмлик фирибгарлик схемаси фош этилди. Шу ва бошқа маҳаллий янгиликлар билан Kun.uz дайжестида таништирамиз.

Одам савдоси жабрланувчиларига давлат кўмаги кенгайтирилди

Президент фармони билан одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилди.

Янги тартибга кўра, реабилитация марказларида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар доираси кенгайтирилиб, жабрланувчиларни қабул қилиш ва хизматлардан фойдаланиш муддатлари аниқ белгилаб қўйилди.

Шунингдек, реабилитация марказларига бориб-келиш билан боғлиқ транспорт харажатлари давлат томонидан қопланади. Бундан буён эркаклар, чет эл фуқаролари ҳамда Ўзбекистонга олиб келинган репатриантларга хизмат кўрсатиш тартиби ҳам ягона тизим асосида мувофиқлаштирилади.

Миграция агентлигида ишламаган ходимларга қарийб 1 млрд сўм маош тўланган

Миграция агентлигида амалда ишламаган икки ходимга қарийб 932 миллион сўм иш ҳақи тўлангани аниқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент маълумотига кўра, шунингдек, интизомий жазо таъсирида бўлган 8 нафар ходимга ҳам қонун талабларига зид равишда 88,5 миллион сўм тўлаб берилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддасида назарда тутилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кешбэк тизимидаги 4,7 млрд сўмлик схема фош этилди

Тошкент шаҳрида сохта харид чеклари орқали давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш схемаси фош этилди.

Тергов маълумотларига кўра, қалбаки чеклар Telegram орқали минглаб фуқароларга тарқатилган. Шу орқали Soliq Mobile иловасида 4,7 миллиард сўмдан ортиқ кешбэк ҳисобланиб, унинг асосий қисми тўлаб берилган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167 ва 228-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

25 млрд сўмлик кредит фирибгарлиги фош бўлди

Сурхондарё вилоятида сохта ҳужжатлар орқали 25 миллиард сўмлик фирибгарлик схемаси фош этилди.

Тергов маълумотларига кўра, аввалдан гаровда бўлган бино-иншоотларга оид сохта ҳужжатлар тайёрланиб, улар такроран гаров сифатида расмийлаштирилган. Шу асосда тижорат банкидан 25 миллиард сўм маблағ ажратилиб, талон-торож қилингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Жиззахда блогер қиз иштирокидаги ЙТҲ ўлим билан якунланди

Энди эса жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинаётган ҳодиса ҳақида. Жиззах шаҳрида 21 ёшли блогер Орзигул Уразматова иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси ўлим билан якунланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, у бошқарувидаги Lacetti йўлдан чиқиб кетиб, дарахтга урилган. Блогер оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишолмаган.

Манбага кўра, дастлабки тахминларда ҳайдовчи рулда видео олишга чалғиган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Беларусдан Ўзбекистонга навбатдаги юк поезди йўлга чиқди

Беларусдан Ўзбекистонга «Славян карвони» лойиҳаси доирасидаги иккинчи юк поезди йўлга чиқди.

Поездга қарийб 4 минг тонна ёғочни қайта ишлаш саноати маҳсулотлари ва озиқ-овқат юкланган бўлиб, юклар Ўзбекистон билан бирга Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам етказиб берилади.

Лойиҳа экспортчилар учун янги логистика имкониятларини яратиш ҳамда Ўзбекистон орқали Марказий ва Жанубий Осиё бозорларига чиқишни кенгайтиришга қаратилган.

Кекса аёлга нисбатан уятсиз ҳаракат қилган шахс ушланди

Тошкентнинг Яшнобод туманида маст ҳолатда кекса аёлга тегажоғлик қилган шахс фуқаролар томонидан ушлаб қолинди.

Маълум қилинишича, воқеадан сўнг у қочишга уринган, аммо атрофдагилар уни ички ишлар ходимларига топширган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан бир нечта маъмурий моддалар асосида баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.