Автомобилларга уч хил рангдаги экологик стикерлар берилади. Ноқонуний дарахт кесганлар энди бошқача жазоланади. Жамоатчилик Фарғонадаги кўлни ҳоким ва тадбиркорнинг “ҳамласи”дан асраб қолди. Бола туғилганда энди ҳар доим ҳам суюнчи пули берилмайди. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Совуқ қиш ниҳоят ортда қолиб, уч ҳафта ичида биринчи марта метан-шохобчаларда навбатлар камайгани – миллионлаб ўзбекистонликлар ўз ҳаётида бевосита гувоҳ бўлган ҳафтанинг энг асосий воқеаси бўлди. 7 март куни Энергетика вазирлиги бутун республика бўйлаб барча метан-шохобчалари очилишини эълон қилди. Вазирлик ахборотига кўра, бу – табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани билан боғлиқ. Оддийроқ айтганда эса, шунчаки баҳор бошланиб, кунлар анча илиди.

Қишдан олдин энергетика тизими масъуллари газ ва электр тармоқлари ҳар қандай об-ҳаво шароитига тайёр қилиб қўйилганини айтган бўлса-да, амалда бутун қиш давомида таъминотнинг барқарорлиги ҳаво ҳароратига боғлиқлигича қолди. Қиш фасли учун одатий даражадаги совуқ кунларда ҳам метан-шохобчалар иш вақти чекланди ёки бутунлай ёпилди, ҳудудларда электр энергиясини шахмат тартибида ўчириш давом этди.

Шу ўринда бу йилги қиш кутилганидек анча илиқ келганини ҳам айтиш керак. Ўзгидрометга кўра, ўтган уч ойда ҳарорат иқлимий меъёрлардан 1,5–2,6 даража юқори бўлган. Айниқса январ ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январ ойлари учлигига кирган. 2024 йилнинг февралидаги ҳарорат Ўзбекистонда меъёрий даражада, дунё миқёсида эса барча кузатувлар тарихидаги энг иссиқ феврал сифатида тарихга кирди.

Автомобилларга экологик стикерлар берилади