Kun.uz якунланаётган ҳафтанинг асосий хабарларидан дайжест тақдим этишда давом этади. Биз ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисаларни имкон қадар қисқача санаб ўтамиз.

Шавкат Мирзиёев – Умрада

Ҳафтанинг энг ёрқин воқеаси, шубҳасиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига сафари бўлди. Ўзбекистон президентининг бу мамлакатга давлат ташрифи охирги марта бундан 30 йил олдин, 1992 йилда рўй берган эди. Шундан кейин орадаги маълум даврда муносабатлар етарлича совуқлашганди ҳам.

Шавкат Мирзиёев сафарини Мадина шаҳридан, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қабрларини зиёрат қилишдан бошлади. Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиб, дуо қилган президент пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаган ва дафн этилган Ҳужрайи саодатга кириб, пайғамбаримизга саловат ва саломлар айтди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Сафар сўнгида эса Шавкат Мирзиёев Маккага бориб, умра амалларини бажарди. Давлат раҳбари аввалига муқаддас Каъба ичига кириб, тўрт томонга қараб намоз ўқиди, сўнг Каъбани 7 марта айланиб тавоф қилди. Видеолардан бу жараёнда президент қаттиқ таъсирланганини кўриш мумкин. Шундан кейин Сафо тепалигидан Марва тепалиги томон 7 марта бориб келган зиёратчилар, Марва тепалигида 2 ракат намоз ўқиш билан Умра амалларини якунлади.

Давлат ташрифи доирасидаги расмий тадбирлар Жидда шаҳрида бўлиб ўтди. Кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида яшил энергетикага оид келишувлар алоҳида аҳамиятга эга. Саудия Ўзбекистон энергетика комплексига 5 йил ичида 10 млрд доллар сармоя киритишига келишилди. Масалан, Қорақалпоғистонда дунёдаги энг йирик шамол электр станцияларидан бири қурилади. Режага кўра, 1,5 гигаваттлик лойиҳа ишга тушгач, 1 млн 650 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлай олади.

Эслатиб ўтамиз, бу – Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига президент сифатидаги илк сафари эмас. У 2017 йилда Ар-Риёддаги халқаро саммитда қатнашган эди. Умуман, Мирзиёев президент сифатида жами 18 та давлатга борган.