Ўзбекистонликлар учун ҳаж квотаси 2 баробарга ошади

Ҳафталигимизни хушхабар билан бошлаймиз. Саудия Арабистони Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж ва умра квоталари 2 баробарга оширадиган бўлди. Подшоҳликнинг ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Робиянинг Тошкентга ташрифи давомида шундай келишувга эришилди.

Келишувга кўра, эндиликда ҳажга борадиган ўзбекистонликлар сони йилига 12 мингдан 24 мингга кўпаяди. Умра зиёратига эса йилига 100 минг нафаргача ўзбекистонлик бориши мумкин бўлади. Таққослаш учун, бу йил Ўзбекистондан умра қилувчилар сони илк марта 40 мингдан ошган.

Саудия Арабистони делегацияси президент Шавкат Мирзиёев қабулида / Фото: Президент матбуот хизмати

Бу янгилик узоқ йиллардан бери ҳажга навбати келишини кутаётганлар учун айниқса қувончли бўлди. Буни август ойида Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифининг натижаси дейиш мумкин.

Ташриф давомида Саудия фуқароларининг Ўзбекистонга кириши учун визасиз режим ўрнатилиши эълон қилинган эди. Шу ҳафта Тошкентда ўтган музокараларда ҳам Арабистондан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга катта урғу берилди. Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрдан бошлаб FlyNas авиакомпанияси Тошкент ва Жидда ўртасида ҳафтасига 2 та авиарейсни йўлга қўйган. Умуман, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини ҳафтасига 14 тага етказиш мўлжал қилиняпти.

Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларининг Саудияга боришини эркинлаштириш масаласи ҳозирча очиқ қоляпти. Амалдаги тартибга кўра, ўзбекистонликлар подшоҳликка бориш учун мустақил равишда визага ариза бера олмайди, бунинг учун сайёҳлик фирмасига мурожаат қилиш керак. Ҳаж ва умра ишлари вазирининг Kun.uz саволига жавобан айтишича, бевосита электрон виза олувчилар рўйхатига Ўзбекистон фуқароларини ҳам қўшиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Чапдан ўнгга: Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Саудия ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Робия, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаров / Фото: Kun.uz