Охирги йилларда давлат корхоналарини хусусийлаштириш зарурлиги кўп бора таъкидланди. Чунки улар самарасиз, жамият учун жуда қимматга тушади ва иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади. Ўзбекистонда 2021–2025 йиллар оралиғида давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. Аммо сўнгги пайтларда бу мавзу марказидаги мунозарали жиҳат сотувлар шаффофлигига ишонч пастлиги билан боғлиқ ҳолда кечмоқда.

Хусусийлаштириш нега керак?

Хусусийлаштиришдан мақсад давлат активларини энг юқори нархларда мулкдорларга топширишдан иборат. Мулкдор мулкни қанча қимматга олса, табиийки, тиккан пулини қайтариб олиш учун ундан шунча самарали фойдаланади.

Давлатнинг иқтисодиётда юқори даражада иштирок этиши ўзаро рақобатга халақит беради, монополия ва коррупцияни урчитади.

Бошқарув самарадорлиги юқори бўлмаган, фақат зарарга ишлайдиган давлат корхоналарини хусусийлаштириш биринчи галда бюджет учун муҳим. Харажатларни камайтиради, бу эса бюджет пулини бошқа муҳимроқ нарсаларга сарфлашга имкон беради.

Шунингдек, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бозор иқтисодиётининг ажралмас қисми, давлат мулкидан янада самарали фойдаланиш, иқтисодиётга давлат аралашувини чеклаш ва хусусий сектор улушини кенгайтириш воситаси ҳисобланади.

Масалан, UzAuto Motors ички бозордаги мавжуд талабни тўлиқ қондира олмаяпти, ишлаб чиқараётган автомашиналарининг нархи ва сифати бўйича ҳам харидорларда турли хил саволлар бор. Шу билан бирга, компанияга берилган имтиёзларнинг сони, муддати ва турфа хиллигининг чегараси йўқдек. Унинг ўрнига мамлакатда хусусий компаниялар кўпайса, ҳам рақобат ортади ва сифат яхшиланади, ҳам давлат бюджетига солиқ тушумлари ошади.

Шифохоналарни сотиб юбориш – бу қанақа хусусийлаштириш?

Хусусийлаштиришнинг яна бир асосий мақсадларидан бири – самарадорликни ошириш. Бу жараённинг адолатли ва шаффоф бўлишида ундаги элементлар жудаям муҳим. Аммо бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган субъектив “ўзбекча” хусусийлаштириш бир қанча саволларни юзага келтирмоқда. Яъни бюрократларнинг субъектив фикри ва ақлига таянилиб, корхоналар танланмоқда ва сотиляпти.