Ўзбекистон | 14:24 / 24.03.2023
38355
8 дақиқада ўқилади

Меҳнат миграцияси соҳасида ҳамон “эски тос, эски тоғора”. Яширин ўйинлар мамлакат зарарига ишлаяпти

Ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар Жанубий Кореяда меҳнат қилиш имкониятини берувчи имтиҳондан ўтади. 2022 йилда имтиҳонларда 15 мингга яқин киши иштирок этган. Бундай катта тадбир қандай ўтяпти? Коррупциянинг олдини олиш қай даражада таъминланган? Меҳнат миграциясини ташкиллаштиришга масъул ташкилотлар ўз вазифаларини қай даражада уддалаяптилар?

Соҳа бўйича янги суриштирувни бошлаганданоқ бир нарса кўзга ташланди – 2022 йилда Жанубий Кореяга ишга юбориш учун жами 4 та имтиҳон ўтказилган бўлиб, уларнинг иккитаси оммага эълон қилинмай ўтказиб юборилган.

 

Агентликнинг матбуот котибига изоҳ сўраб мурожаат қилдик. У 2022 йилда фақат иккита имтиҳон бўлиб ўтгани, қолган иккитасидан бехабар экани, аммо аниқлаштиришини айтди. Кейин ҳақиқатдан ҳам яна иккита имтиҳон бўлиб ўтганини, фақат улар эълон қилинмасдан ўтказилганини, ҳозирда ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.

Жанубий Кореяга ишга боришга ошиқаётган ватандошларимиз кўплиги ва бу соҳада коррупция борлиги инкор этилмагани боис, шу ҳолатнинг ўзи гумонларни уйғотиш учун етарли.

Энди бу йилги вазият ҳақида.

Kun.uz'га бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, Миграция агентлиги Жанубий Кореяда меҳнат қилиш имкониятини берувчи имтиҳон кунларини жуда кеч эълон қилаётганидан шикоят қилди. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вазиятни ўргандик.

Агентликнинг расмий каналида 9 март куни “имтиҳон яқинда ўтади” деган маънодаги қисқа эълон жойлаштирилган.

Аммо Жанубий Корея томонининг расмий сайтида қайд этилишича, бу йилги имтиҳонлар 14 мартдан 7 апрелгача бўлиб ўтиши керак. Яъни имтиҳонлар бошланишига саноқли кунлар қолганига қарамасдан, адади 10 мингга яқинлашадиган одам иштирок этадиган имтиҳонлар имтиҳон ўтадиган мамлакатнинг ўзида эълон қилинмаган эди.

Kun.uz мухбири 10 март куни соат 16:13 да агентлик матбуот хизмати ходими Ортиқхўжа Норов билан боғланди ва нега ҳалигача талабгорлар имтиҳон кунлари ҳақида огоҳлантирилмагани сабабларини сўради. “Тасодиф”ни қарангки, матбуот котиби билан бўлган суҳбатдан икки дақиқа ўтар-ўтмас агентликнинг Telegram каналида имтиҳонлар 14 мартдан 7 апрелгача оралиқда бўлиб ўтиши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Вазиятнинг ичида бўлган, ҳолатдан хабардор бир неча манбаларнинг айтишича, агентлик томонидан имтиҳон саналари охирги кунларда эълон қилиниши бежиз эмас. Имтиҳон кунларининг имкон қадар кеч эълон қилиниши туман ва шаҳарларда “фаолият” юритувчи, талабгорлардан пул олиб, ишга юборишни ваъда берувчи корчалонлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Кўплаб талабгорлар бехабар қолиб, имтиҳонларга улгурмайди ва бундай вазиятда корчалонлар ўзларининг одамларини “ўтказиб олишлари” осон бўлади.

Бу имтиҳондан мақсад – ишчиларнинг корейс тилини билиш даражасини текшириш. Имтиҳон ўтказилиши ҳақидаги хабар Ўзбекистоннинг асосий кунлик нашрларида берилиши керак. Бу Жанубий Корея томонидан талаб қилинган.

Лекин агентлик кунлик нашрлар тугул, ўзининг матбуот бўлими орқали ҳам халққа эртароқ ахборот бермай келмоқда.

EPS TOPIK имтиҳонлари Жанубий Корея инсон ресурслари хизмати томонидан ишлаб чиқиладиган тестлар асосида ўтказилади. Тестга тайёргарлик кўриш учун HRD Korea ташкилоти томонидан 2 қисмдан иборат китоб ишлаб чиқилган. Бу китоблар 30 та мавзудан ташкил топган, умумий 60 та дарсдан иборат. Имтиҳон топширадиганлар сони кўп бўлса-да, китоб ҳақида ўқув марказига борибгина маълумот олиш мумкин.

Ҳозирда Корея Республикасининг кичик ва ўрта бизнес корхоналарида 230 минг бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, 2023 йилда Корея корхоналари 16 та хорижий давлатдан 110 минг ишчи ёллашни режалаштирган.

110 минг ишчини юборишда 16 та давлатда ҳам имкониятлар бир хил: қайси давлат кўпроқ одамларни имтиҳондан ўтказиб, Кореянинг SPAS базасига киритиб берса ва ишчиларни тезроқ учириб юборса, шу давлат фуқаролари кўпроқ ишлаш учун кетади. Непал, Комбожа, Индонезия каби давлатлар бу имкониятдан унумли фойдаланиб келяпти. Аммо Ўзбекистондан Кореяга бориб ишлайдиганлар сони нисбатан кам. Бунинг сабаби юқоридаги каби “ўйинлар” билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тест олиш учун алоҳида ташкилот бўлиши, таълим билан эса хусусий сектор шуғулланиши керак. Аммо...

2018 йилда қабул қилинган 3839-сонли президент қарорида ташкиллаштирилган меҳнат миграциясини ривожлантириш асносида тартибсиз, ноқонуний меҳнат миграцияси ҳажмини камайтириш кўзда тутилган эди. Бунга агентлик масъул этиб тайинланган, фаолияти учун пул ажратилган эди (2018 йилда 115 млрд сўм).

Бироқ ташкиллаштирилмаган меҳнат миграцияси ҳажми камайгани йўқ. Қарор чиққандан кейин очилган хусусий бандлик агентликларининг кўпи “сирли” равишда ёпилиб кетди – уларнинг фаолиятини тартиблаш соҳаси гўё атай “бўш қўйилгани” сабаб, нохуш ҳолатлар юз берди ва... хусусий бандлик агентликлари “фирибгар”га чиқди.

Очиқ манбаларда эълон қилинган хабарларга назар ташлаймиз.

Турли манбаларга кўра 2,5 миллиондан 3,5 миллионгача ўзбекистонлик – айнан ташкиллаштирилмаган меҳнат миграция иштирокчиси. Ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига масъул қилинган ташкилотларнинг уриниши эса вазиятни сезиларни ўзгартиргани йўқ – ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси ҳажми кўп йиллардан бери ўзгаргани йўқ.

Коррупция учун судланган шахс – агентлик раҳбари

Айни дамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари бўлиб турган Эрматов Афзал Ҳикматиллаевич аввал ҳам, аниқроғи 2010 йилдан 2013 йилгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида раҳбар бўлиб ишлаган.

Kun.uz'да мавжуд ҳужжатдан кўринишича Афзал Эрматов 2018 йилда Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) учинчи қисми “а” банди ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан айбланиб, жарима жазосига ҳукм қилинган (агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов ушбу маълумотга аниқлик киритиб бера олмаслигини маълум қилди).

Эрматов 2022 йил 17 мартдан агентлик бошлиғи в.б. этиб тайинланган ва 2022 йил 1 ноябрдан расман агентликнинг тўлақонли бошлиғи ҳисобланади. Бу маълумотни очиқ манбалардан эмас, агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норовдан билиб олдик.

Боиси Афзал Эрматовни агентлик директори этиб тайинлангани бирорта нашр тугул, ҳатто агентликнинг расмий саҳифаларида ҳам эълон қилинмаган.

Маълумки, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига кўра, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин эмас деб белгилаб қўйилган. 2022 йил 8 августда имзоланган бу қонун 3 ой ўтиб кучга кирган.

Афзал Эрматовнинг тўлақонли директорликни қабул қилиб олгани ҳақидаги маълумот балки шунинг учун ҳам ҳеч қаерда очиқ эълон қилинмагандир.

Таъкидлаш керак, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги – энг коррупциялашган ташкилотлардан бўлгани – факт.

2017 йил март ва апрел ойларида Жанубий Кореяда ишлашни истовчиларни рўйхатга олиш бўйича ўтказилган тест синовларида тушунмовчиликлар рўй бериши ҳамда бунинг ортидан жамоатчиликнинг норозилиги келиб чиқиши фонида агентликнинг ўша пайтдаги раҳбари Улуғбек Назаров ўз лавозимини тарк этганди.

Кўп ўтмай агентликнинг ўша пайтда ўтказган – рўйхатга олиш ва тест синови натижалари бекор қилинганди.

Орадан бир йил ўтиб ўтмай, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги директори Равшан Ибрагимов, агентлик директори ўринбосари Улуғбек Назаров, шунингдек, агентликнинг Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлганларни топиш ва рўйхатга олиш бўлимининг собиқ бошлиғи Алижон Абдуллаев ва Жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш марказининг директори Озод Махсудовлар йирик коррупция ишида айбланиб, 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинганди.

Савол туғилади – меҳнат миграцияси соҳасининг пешонаси шу даражада шўрми, ёки бу – соҳага атай қилинаётган диверсиями?

Мавзуни ўрганишда давом этамиз.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид