2015 йилдан буён Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасини Аловиддин Султонов, Раҳмат Маматов, Дониёр Тошхўжаев, Муҳиддин Жўраев бошқариб келган бўлса, 2023 йилнинг 27 июль куни бу вазифа генерал-майор Азизбек Икромовга топширилди. Ушбу мақолада аввалги раҳбарларнинг истеъфосига сабаб бўлган омиллар, шу пайтгача вазир Бобожоновнинг ишонган ўринбосарларидан бири бўлган Икромовдан нима кутилаётгани ҳақида сўз юритамиз.

Аловиддин Султонов (2015 йил сентябрь – 2017 йил октябрь)

Аловиддин Султонов Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Интернет кенгликларида полковник Аловиддин Пўлатович Султонов ҳақидаги маълумотлар кўп эмас. Фақатгина унинг 2015 йил сентябрида Фарғона вилояти ИИБга раҳбар этиб тайинлангани, 2017 йилнинг май ойида ОАВ вакилларига ҳисобот бергани маълум холос.

Султонов ўз ҳисоботида вилоятда ўтказилган профилактика тадбирлари давомида суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 5 нафар шахс аниқланиб ушлангани, муқаддам содир этилиб фош этилмаган 2 та жиноят фош этилгани, сабабсиз дарс машғулотларига қатнашмаганлиги аниқланган ўқувчилар бўйича 50 нафар ота-онага, 3 нафар таълим муассасаси ходимига чора кўрилиб, 213 нафар ўқувчи таълим жараёнига қайтарилгани ҳақида сўз юритган.

Аловиддин Султоновнинг нима учун ишдан олингани ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ. У Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи лавозимида 2 йил-у 1 ой давомида фаолият юритган.

Раҳмат Маматов (2017 йил октябрь – 2020 йил январь)

Раҳмат Маматов Фото: Facebook/ Маматов Раҳмат Тошназарович

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, ички ишлар вазири ўринбосари, вазирнинг биринчи ўринбосари, Навоий вилояти Халқ қабулхонаси мудири бўлиб ишлаган Раҳмат Маматов 2017 йилнинг октябридан 2020 йилнинг январигача Фарғонанинг “бош милиционер”и бўлган